Устозларни ёд этиб…

Устоз! Нақадар улуғ нақадар азиз бу сўз. Бу сўзни эшитган чоғингиз беихтиёр, ёшлик, болалик, ўқувчилик даврингиз, устозларингиз ёдингизга тушади. COVID-19 пандемиясининг олдини олиш мақсадида карантин чекловлари сабаб фарзандларимиз уйда онлайн тарзда ўқишга мажбур бўлди. Ўша вақтларда фарзандларимдан ҳам кўра менга мактаб ва устозларнинг қадри, ўрни шу қадар билиндики мен ҳам, мактабни, устозларни соғиндим. Фарзандларим менга ўқувчилик даврим ҳақида сўрашади. Беихтиёр унутилмас бахтли болалик чоғларим ёдимга тушди.
Биз тушдан сўнг ўқир эдик. Синфхоналар қоронғу, қишда совуқ, ёзда иссиқ бўларди. Қиш кунлари яхши ёза олмасдик. Ўша вақтлар биз ўқувчилар “Устоз бизга эртак айтиб беринг”,-деб ялинардик. Устозимиз меҳрибон инсон эдилар. Бизга эртаклар, достонлар айтиб берар эдилар.
Тиббиёт соҳасида.
Бундан 22 йил аввал шифохона бошлиғи мени ишга чақириб қолди. Эртасига шифохонага борганман. Ўшанда шифохона бошлиғи, раҳматли Комил Мусаев мени шунчалар самимий кутиб олганликларини ҳеч қачон унута олмайман. Шифохона бошлиғи ўринбосари Сора Пардаева менинг дипломимни қўлларига олиб айнан бизга сиздек мутахассис керак эди деб хурсанд бўлган эди.
Комил Мусаевнинг кўзларидаги самимий ишонч мени шу кунгача нафақат тиббиёт соҳасида ишлашимда, балки ҳаётимда ҳам инсонларга бўлган ишончимда менга куч ва ғайрат бағишлади. Менинг ҳаётимдаги энг яхши кунларнинг бўлиши ҳаётда қўлга киритган муваффақиятларим устозларнинг ўгити сабаб йўлларимни ёритувчи нур бўлиб келмоқда.
Хайринисо САЛАЕВА,
туман тиббиёт бирлашмаси лаборатория диагностикаси навбатчи лаборанти.