Қумқўрғон туман ҳокими Р. Гаппаров туман аҳлига коронавирус пандемиясидан ортиқча саросимага тушмасликка, бу касаликка қарши курашиш учун зарур чора-тадбирлар белгиланганлигини билдиради

Маълумки 15 март куни Бош вазир А. Арипов томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу коронавирусга қарши мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жорий ҳолат, изоляцияга олинган шахслар ва аниқ режалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилинди.
Мамлакат миқёсида карантин жорий этилиб, оммавий тадбирлар бекор қилинди, қўшни давлатлар билан чегаралар ёпилди. Туманимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Туман ҳокимлигида ва туман фавқулодда вазиятлар бўлимида тегишли корхона ва ташкилотларнинг масъул ходимларидан иборат амалга оширилаётган чора-тадбирларни мувофиқлаштирувчи доимий ишловчи штаб фаолияти ташкил қилинди. Туманда барча йўловчи ташувчи корхоналар раҳбарлари иштирокида инфекция тарқалишини олдини олиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, барча йўловчи ташувчи корхоналарга дезинфекция ишлари билан шуғулланувчи ходимлар бириктирилиб, ҳар куни икки маротаба жамоат транспортларини дизенфекция қилиш тизими йўлга қўйилди. Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва унинг тарқалишига қарши профилактик чора-тадбирлар кўрилиши муносабати билан тиббиёт бирлашмасига қарашли учинчи қаватдан 50 ўринли, юқумли касалликлар бўлимининг биринчи қаватида 10 ўринли захира жойлар ажратилиб, керакли санитар гигиеник ҳолатлар тахт ҳолатга келтирилган. Дизенфекцияловчи воситалар захираси юқумли касалликлар бўлимининг ўзида етарли миқдорда захира қилинган. Тиббиёт бирлашмаси ички дорихона бўлимида захира тўлиқ шакллантирилган. Энг муҳими, аҳоли ўртасида ортиқча ваҳима уйғотмаслик, бозорлардаги нарх-навонинг сунъий ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида бозорлар ва савдо комплексларда савдо ярмаркалари ташкил этилди, озиқ-овқат захиралари етарли миқдорда шакллантирилди. Шунингдек, солиқ ва департамент идоралари ходимлари томонидан бозорлар ва йирик савдо мажмуаларида мониторинг ишлари ташкил этилди ва нархларни асоссиз оширганларга қонуний чоралар кўрилмоқда. Бинобарин, бугун дунё ҳамжамиятини ўзига хос синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотир ва саросималарсиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Ушбу синовли дамлар бутун ўзбек халқини янада бирлаштиришга хизмат қилади. Ушбу пандемиядан аҳолимизни эҳтиёт қилиш чораларини кўриш мақсадида туманда мен бошчилигимда сектор раҳбарлари ва тумандаги барча ташкилотлар раҳбарлари, бутун жамоатчилик, тиббиёт ходимлари бор имкониятимиз ва куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Агар сунъий равишда нарх-навонинг ошганлигини билсангиз туман солиқ бўлимининг қуйидаги 76-46-52-107 ишонч рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз.