Янги уйлар – янги орзулар

Халқимизда “Уйи борнинг ўйи бўлмайди”, деган нақл бор. Бу – рўзғор бутлиги, кўнгил хотиржамлиги ва фарзандлар камоли учун шахсий турар-жойнинг ўрни жуда муҳим эканига ишорадир.
Олимларнинг илмий хулосаси ҳам бунга ҳамоҳанглик касб этади. Уларга кўра, одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омил саналади.
Бинобарин, бугун мамлакатимизда фуқароларнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизда янги турар-жойлар қуриш суръати ва кўлами жадаллик билан кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Мазкур йўналишдаги ўзгаришлар инсонларнинг ҳаётдан розилиги ҳамда эртанги кунига ишончини мустаҳкамлашга сезиларли таъсир кўрсатяпти.
Шу борада туман ҳокими Р. Гаппаров томонидан яна бир хайрли ташаббус илгари сурилдики, буни эзгулик, меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва эътиборнинг юксак намунаси дейишимиз мумкин. Бунга кўра ўз уйига эга бўлмаган, ночор аҳволда қолган, ногиронлиги бўлган тумандошларимизга ҳомийлик кўмагида уй – жой қуриб берилмоқда. Байрам арафасида тумандаги “Сурхон соҳили” маҳалласида яшовчи фуқаро Анора Марданақуловага туман ҳокими ташаббуси билан ҳомийлик асосида уй қуриб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ушбу оила уй – жойга эҳтиёжманд эди. Янги уйга туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари қуруқ қўл билан эмас, совғалар билан боришди.
Ҳар бир инсон ўз уйига эга бўлса, кўнглида хотиржамлик, ишида унум ва барака бўлади. Бугун ана шундай бахтга мушарраф бўлаётган юртдошларимиз сафи кундан кун кенгайиб бораётгани, янги уйлар қувончидан масрур инсонларнинг самимий суҳбатлари, янги ва замонавий қишлоқ кўчаларидаги файз-тароват бир ҳақиқатдан далолат беради: буюк ва муқаддас Ватанимизда инсон қадри барча нарсадан устун. Аслида ҳам ҳар бир инсоннинг орзулари ушалиши, ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида хизмат қилишдан улуғроқ мақсад борми!