Мактаблар ўқув йили бошланишига тайёр

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Ш. Шерматовнинг тавсиясига асосан умумтаълим мактабларида 2020-2021 ўқув йили 14 сентябрдан бошланиши маълум бўлди. Пандемия шароитида таълим муассассалари биноларида мактаб ўқувчиларини ўқитишга ўзига хос тайёргарлик кўришни талаб қилди. Педагоглар ва ўқувчиларнинг коронавирус инфекцияси билан касалланишининг олдини олиш мақсадида қўшимча тайёргарлик ишлари ўтказилди.
Бунда 8 та талабга риоя қилиш белгиланди. Эпидемилогик вазиятдан келиб чиқиб мактабда таълим оладиган ўқувчиларнинг сонига қараб ҳар 300 нафар ўқувчига битта ҳарорат ўлчагич асбоби мавжудлиги, ҳар 50 нафар болага биттадан қўл ювиш қурилмаси қўйилгани, ҳожатхонанинг таъмирланганлиги ва тозалиги, 1-4, 5-8, 9-11 синф ўқувчиларининг мактаб биносига алоҳида эшиклардан кириши, касаллик аниқланганда беморни вақтинча сақлаш учун изолятор хонаси ажратилганлиги, қўл ювиш ва ичимлик суви учун ишлатиладиган 1 тонналик сув идиши ўрнатилганлиги, дарс жадвали тузилиб, директор томонидан тасдиқланганлиги, эски буржейка печларнинг бўлмаслиги каби талаблар жорий этилди. Туманимиздаги мактабларда бу вазифалар қандай бажарилаётганлигини ўргандик.
33-сонли умумтаълим мактабида 1215 нафар ўқувчига 84 нафар ўқитувчи таълим-тарбия ўргатади. 19 нафар техник ходим хизмат кўрсатади. Мактабда пандемия шароитида ўқитишга тайёргарлик ишлари ўтказилди. Асосий дарвозага ўқувчиларнинг ниқоб тақиши тасвирланган кўргазмалар, мактаб директори Э. Эргашев тасдиқлаган дарс режими осилган. Ўқитувчиларнинг қўллари дезинфекция қилиниб ичкарига киришга рухсат берилаяпти. Ҳароратни ўлчаш асбоблари билан туман халқ таълими бўлими график асосида таъминлаши айтилган, лекин ҳозирча етказиб берилмаган. 50 та қўл ювиш қурилмалари ўрнатилган, сув билан тўлдирилган, совунлар қўйилган. Ҳожатхона таъмирланиб, тоза сақланаяпти. Мактаб ҳовлисида яна бир ҳожатхона анча йил олдин қурилган бўлса-да фойдаланишга топширилмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Изолятор хонаси ажратилиб, жиҳозланган, антисептик воситалар билан таъминланган. Ўқувчиларнинг дарсга кириш вақти 1-навбатда 1-4 синфлар учун 8.00, 5-8 синфларга 8.30, 9-11 синфларга 9.00 деб белгиланди. Улар 6 та алоҳида эшикдан киради. 2 метр масофани сақлаш учун чизиқлар чизилган, рангли ленталар ўрнатилган. 6 тонналик ва қўшимча равишда 7 та 50 литрлик сув идишлари  мавжуд. Куз-қиш мавсумида хоналарни иситиш учун замонавий қурилмалар қурилган.
Н. Норматов директорлигидаги 70-сонли умумтаълим мактабида бу йил 560 нафар ўқувчи таълим-тарбия ўрганади. Уларга 32 нафар ўқитувчи фанлар бўйича дарс ўтади. Ҳозирча битта ҳарорат ўлчагичи бор, яна марказлашган тарзда таъминланади. 14 та қўл ювиш қурилмалари қўйилди. Ҳожатхона яхши ҳолатда. Тиббиёт хонаси изолятор хонасига мослаштирилди. 1-5, 6-11 синфларнинг ўқувчилари бинога кириши учун 3 та эшик ажратилиб, кўрсатгич белгилари тайёрланди. 5 тонналик сув идиши бор. Дарс жадвали тузилиб, директор томонидан тасдиқланган. COVID бўйича ўқитувчи навбатчилар рўйхати тузилди. Дарс вақти 1 навбатда 8.00-12.10, 2 навбатда 12.40- 16.50 деб белгиланди.
24-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноси пандемия шароитида ўқувчиларни қабул қилиш учун тайёрланди. Мактаб дарвозасига керакли кўргазмали воситалар осилди. Ўқув йилида жами 1083 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Уларга мактаб директори в/б М. Худойбердиева бошчилигида 84 нафар ўқитувчи дарс ўтади. Ҳароратни ўлчагич асбоблари йўқ. 21 та қўл ювиш қурилмаси ва 4 та катта қўл ювгич ўратилди. Масофани сақлаш чизиқлари чизилди. Тиббиёт хонаси изолятор хонасига ажратилиб, антисептик воситалар билан таъминланди. Ўқувчиларнинг дислокацияси ишлаб чиқилиб, 5 та эшик ажратилди. Кўрсатгич белгилари ёзилиб, кўринадиган жойларга илинди. 1 тонналик сув идиши йўқ. Ҳовлида ҳовуз мавжуд бўлиб, суви қўл ювиш ва ичишга яроқсиз. Дарс жадвали тузилиб, тасдиқланди. Замонавий иситиш тизими қурилган.
Д. Норматов директорлигидаги 2-сонли умумтаълим мактабининг ҳовлисига Covid пандемиясига қарши кураш тасвирланган кўргазмали восита ўрнатилди. Бу ўқув йилида 74 нафар ўқитувчи 1053 нафар ўқувчига дарс беради. Ҳароратни ўлчовчи асбоб йўқ. Барча синфлар учун етарлича қўл ювгич қурилмалари келтирилиб, ўрнатилаяпти. 1 тонналик сув идишига ҳовлидаги қўл ювгичлар уланиб, насос ёрдамида сув етказилаяпти. 2 хонали изолятор хонаси ажратилиб, қайта таъмирланаяпти. Тиббиёт жиҳозлари етарли. Ўқувчиларнинг дарсларга кириши учун 6 та эшик ажратилиб, масофани сақлаш чизиқлари чизилган. Дарс жадвали ўқитувчилар ва ўқувчиларга мослаб тайёрланаяпти. Директор томонидан тасдиқланмаган. Иситиш тизими бунёд этилган. Шунингдек, 30, 59, 61-сонли умумтаълим мактабларида бўлиб пандемия шароитида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан ҳам яқиндан танишдик. Маҳаллий кенгаш депуталари ҳам эпидемиологик вазият туфайли умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига тайёргарликнинг бориши, касалланиш кўрсатгичлари бўйича маълумотлар тўплади. Уларнинг раҳномолигида мавжуд муоммолар бартараф этилиб, таълим муассасаларида анъанавий тарзда ўқитиш бошланади, – деб умид қиламиз.
        Н. МУҲАММАДИЕВ