“ХАЛҚ БАНКИ” ХОДИМИ ҚАРҒИШГА ҚОЛДИ

Республикамизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонуний асослари яратилган. Жумладан, ёшга доир пенсия, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик нафақалари тайинланишида белгиланган тартиб-қоидаларига амал қилинади.

Шу билан бирга, ижтимоий таъминотнинг энг муҳим шакллари, яъни фуқароларга давлат томонидан белгиланган ёрдам пулларининг манзилли етказилишини ташкиллаштириш ва назоратини олиб бориш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айни вақтда “Халқ банки” томонидан жойлардаги филиаллари орқали пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар фуқароларга етказиб берилмоқда.

Банк ходимлари белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритиши лозимлигини билса-да, ўз лавозимини суиистеъмол қилган баъзи кимсалар фуқароларнинг ҳаққига хиёнат қилмоқда.

АТ “Халқ банки” Бойсун тумани филиали 8-сонли сайёр касса кассири сифатида ишлаган Сирожиддин Эшматов(исм-фамилиялар ўзгартирилган) қилган ишидан ёқангизни ушлашингиз тайин. Унга тумандаги Ўрта Мачай, Юқори Мачай ва Қизилнавр маҳалласида яшовчи фуқароларга пенсия, моддий ёрдам ва нафақа пулларини тарқатиш вазифаси юклатилган эди. С.Эшматовга пулларни эгаларига тарқатиб, уларнинг дуосини олиб юришдек савобли иш топширилган бўлса-да, аммо у савоб олиш ўрнига фуқароларнинг қарғишига қолиб, гуноҳга ботди.

Пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни эгаларига етказиш учун у банк филиали кассасидан 2019 йилнинг январь-май ойларида чиқим ҳужжатларига имзо қуйиб, нақд пулларни олади. Аммо С.Эшматов жавобгарликни унутади. Пулларни эса чўнтакка уриш имконини қидиради. Одам шунчалик ҳам диёнатсиз бўладими? Ахир уни қариялар, ногиронлар ва ёш болалилар интизорлик билан кутиб ўтирганди. Инсонда инсоф бўлмаса қийин экан-да.

Хуллас, С.Эшматов пулларни ўзлаштириш йўлини топди. Бу кимса 198 нафар пенсионер ва нафақа олувчига жами 84 млн.819 минг сўм пенсия, моддий ёрдам ва нафақа пулларини тарқатмасдан, маблағларни ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборади. Аслида пуллар тарқатилмаган бўлсада, тўлов ведомостларига олувчиларнинг ҳамда сайёр касса бухгалтер-назоратчиси имзоларини сохталаштириб қўйиб, пуллар тарқатилган қилиб кўрсатиб, банк филиалига тақдим этади.

Унинг қилмишлари тезда фош этилди. Банк ходими айбига иқрор бўлди. Суд пенсия, моддий ёрдам ва нафақа пуллари эгаларига қайтарилганлигини инобатга олиб, С.Эшматовга тегишли жазо тайинлади.

Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори М.Примқулова

Департаментнинг Қумқурғон туман бўлим инспектори Ж.Олимқулов