Ўз уйингда, маҳаллангда яшаб давлатимизнинг меҳрини ҳис этиб, ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиш хурсандчилик келтиради. “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида хонадонлар ва кўчаларда 2020 йил июнь-август ойларида амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси шундай қувончли дамларни тақдим этмоқда.
Туманимиздаги “Янги шаҳар” маҳалла фуқаролар йиғинида бу тадбир намунали амалга оширилаяпти. Маҳалла раиси А. Абилов ва маҳалла фаоллари маҳалла ҳудуди ҳамда хонадонларнинг янада обод, кўркам бўлиши, аҳолининг осойишталигини сақлаш ишларини режали амалга ошираяпти. “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури бўйича кам таъминланган оилаларга яқиндан ёрдам бермоқда. 25 нафар жамоатчилик асосида ишлаётган ишчилар меҳнатидан фойдаланиб кам таъминланган оилалардаги уйларнинг деворлари сувоқ қилиниб, оқланаяпти. Ўчоқлари, тандирлари сувалмоқда. Маҳалла ҳудудида асосан кўп қаватли уйлар бўлиб, тўпланган чиқиндиларни ҳафтасига 2 кунда олиб кетаяпти. Бундан ташқари, марказий кўчадаги ариқлар ва латоклар тозаланди. Манзарали дарахтларга ишлов берилди. Камолот уйлари олдида ўсган ажриқлар тозаланиб, йўлакча четлари оқланди. Аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури асосида тушунтирилмоқда.
Туман ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Криминаген маҳалла рўйхати асосида жиноятчиликнинг олдини олиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Профилактик рўйхатда турувчи шахсларнинг уйларига борилиб, тушунтириш ва профилактик суҳбатлар ўтказилаяпти.
Маҳалланг, кўчанг, хонадонинг обод бўлса кайфиятинг чоғ бўлади. “Янги шаҳар” маҳалласида амалга оширлаётган ишлар аҳолининг турмуш тарзини яхшилаб, яшаш учун қулай масканга айлантираётганлиги дилларга ҳузур бағишлаяпти.
Н. МУҲАММАДИЕВ