Маҳалла раисининг бир куни…

Маълум бир ҳудудга хос анъаналар ҳақида сўз юритилганда, аввало, маҳалла номи тилга олиниши  бежиз эмас. У ердаги маънавий муҳит, одамларнинг касб- кори ҳам маҳалла номида ўз аксини топган.  Шунинг учун мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари тамойили асосида амалга оширилаётган  ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини  такомиллаштириш, бошқарувнинг бу ноёб тизимидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманимиздаги “Оқсой” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ҳудуд ободлиги, аҳолининг ҳамжиҳатлиги ва фаровонлигини  таъминлаш борасида  ибратли ишлар амалга оширилмоқда. “Оқсой” маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Н. Худойқулов иш фаолиятини эрта тонгдан маҳалла ҳудудидаги ободонлаштириш ишларининг қандай кетаётгани  билан яқиндан танишишидан бошлайди.
– Маҳаллани катта бир оилага қиёслаш мумкин,- дейди  маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Худойқулов. – Чунки маҳаллада яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаёти, қувонч ва ташвишлари  барчанинг эътиборида бўлади. Халқимизга хос инсонийлик фазилатлари, меҳр оқибат ва саховат  маҳалла ҳаётида ўз аксини топади.  Бу ердаги яхши гап, хайрли ташаббусдан бошимиз кўкка етса, бирор–бир ножўя ҳаракат дилимизни хира қилади. Шунинг учун 3690 нафардан ортиқ аҳоли  истиқомат қилаётган 515 хонадондаги ижтимоий – маънавий муҳитни, оила аъзоларининг  касб-кори, руҳиятини таҳлил қилиб борамиз. Тармоқлар бўйича ўринбосарларим ҳамда маҳалла фаоллари хонадонма – хонадон юриб, одамларнинг иссиқ-совуғидан хабар оладилар. Оиладаги нотинчлик ёки келишмовчилик шу ернинг ўзида муҳокама этилиб, тўғри йўл кўрсатилади.”Оқсой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н. Худойқулов  маҳаллада яшовчи ногиронлиги бор  фуқаро Баҳор момо Худойқулова хонадонида бўлди. Ўринбосарлари ҳамда маҳаллага жамоатчилик асосида  ишга олинган ҳамшира  Ш. Янгибоева   Баҳор момонинг саломатлигини текширувдан ўтказди. Оилавий яшаш шароити билан яқиндан танишиб муаммоларини сўрашди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронли бор фуқароларга маҳалла томонидан  ёки ҳомийларни жалб қилган ҳолда  баҳоли – қудрат ёрдам берамиз дейди, – маҳалла раиси Н. Худойқулов.  Дарҳақиқат, ушбу маҳаллада  тадбиркорлик фаолияти билан  шуғулланаётган, шахсий томорқасидан катта даромад олаётган ёки ҳовлисида чорва моллари, парранда парваришлаб, шу орқали рўзғори тўкинлигини  таъминлаётган оилалар кўп. Ҳар ким маълум  бир касб -кор, ҳунар билан машғул.  Тадбиркор Чўтбоев бошчилигида унинг оила аъзолари  бозорларимизга полиз экинларини етказиб дастурхонимиз тўкинлигини таъминламоқдалар.  Маҳалла ҳудудида янгидан қад ростлаб, замонавий услубда қурилаётган  бозорнинг қурилиш жараёнлари билан ҳам кун мобайнида танишиб келмоқда.  Биринчи Президентимиз  И.Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида  “Биз ҳар қайси хонадон, бутун эл – юртимиздаги  маънавий иқлим ва вазиятни англамоқчи бўлсак, бу борадаги ҳақиқий манзаранинг  ёрқин ифодасини аввало  маҳалла ҳаётида  худди ойнадек яққол  кўриш имконига  эга бўламиз”, – деб таъкидлаган. Маҳалла аҳлининг ҳаёти, улар ўртасидаги меҳр – оқибат ва аҳиллик халқимиз турмуш фаровонлигининг ошиб бораётгани, эзгу мақсад ва ниятлари рўёбга  чиқаётганидан далолат беради.
     Райҳон Менгзияева