Сўзи ибрат бўлган бувижонларимиз

Оилалар билан ишлаш мураккаб, масъулиятли жараён. Хонадонлардаги мавжуд вазиятни тўғри баҳолаш, юзага келган муаммоларга ечим топиш маҳалла фаоллари, кайвониларидан билимдонлик, зийраклик, вазиятга қараб оқилона иш кўришни талаб этади.
Оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшларни катта ҳаёт остонасига тайёрлаш мақсадида “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши тузилди. Ушбу кенгашга ҳаёт тажрибасига эга бўлган, иш фаолияти давомида бошқаларга ўрнак бўла олган нуроний онахонларимиз, ташаббускор хотин-қизлар киритилган. “Шерози”, “Исломобод”, ”Чўкирли”, “Ғалаба”, “Тўда” маҳалласи фуқаролари иштирокида туманда ташкил этилган “Бувижонлар мактаби” аъзолари томонидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда фарзанд тарбияси, аёл кишининг оиладаги ўрни мавзусида суҳбат жараёни бўлиб ўтди. Иштирокчилар ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдиришди.
Учрашув сўнггида маҳалла ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, айниқса, қизларни миллий урф-одатларга содиқлик руҳида тарбиялашда нуроний онахонлар зиммасидаги муҳим вазифалар ва ушбу хайрли ишларга кенг жамоатчиликни жалб қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. “Исломобод” маҳалласида жамоатчилик асосида тузилган “Бувижонлар мактаби” аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
А. Тошмуҳаммедова