ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР ХУРСАНДЧИЛИК КЕЛТИРМОҚДА

2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб белгиланиши туманимиз ёшлар учун янги имкониятлар ва ютуқларга кенг йўл очди. Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлимига қарашли “Ёшлар штаби” тузилди.
Бунга ёшлар масаласига алоқадор барча туман ташкилотларидан мутахассислар бириктирилди. “Ёшлар штаби”да ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаяпти. Бугунги кунга келиб 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган “Ёшлар дафтари”га киритилган 2049 нафар ёшларга 0,25 гектар ер майдонлари ажратилиб, берилди. Уларга бу ерларга экинлар экиб, ҳосил ва даромад олишга имконият яратилди. Бундан ташқари, 388 нафар ёшларга тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиши учун 10 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди. 208 нафар ёшлар турли хилдаги касб-ҳунарларга ўқитилиб келинмоқда. 164 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида тадбиркорларга бириктирилди. “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида эса 115 нафар ёшлар уста ҳунармандларга бириктирилиб, бандлиги таъминланди.
Савдо-саноат палатасининг туман бўлими томонидан жами 354 нафар ёшлар “Тадбиркорлик асослари” фанига ўқитилиб, махсус сертификат берилди. Шундан 151 нафар ёшларга 4,2 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди. Ҳозирги кунда туманда жами 3571 нафар ёшларнинг турли соҳаларга бандлиги таъминланиб, йиллик режа 67,1 фоизга бажарилди.
Абдувоҳид ХОЛТЎРАЕВ,
Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи