Бунчалар камтарсан, бунча камсуқум,
Сен ўзинг кулгусан, ўзинг табассум,
Сенингсиз, бу олам, худди бир сиқим,
О, ўзбекнинг аёли, ўзбек аёли.
Кексалари бор уйнинг файзи ўзгача бўлади. Тонгда уйғонганингизда қўлларини дуога очиб замонамиз тинчлигини сўрайдилар. Фарзандлари, набиралари даврасида нонушта қилиб ишга отланаётган фарзандларини дуо қилиб кузатиб қолишади. Рўзғорингиздан барака, оилангиздан бахт аримайди. Бугунги қаҳрамонимиз Назарова Менгнор момо ҳам 7 нафар фарзандни тарбиялаб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказди. Турмуш қийинчиликларидан қочмади. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деган ибратга амал қилиб яшади. Ҳаёт йўлида қийналган вақтлари ҳам бўлди. Турмуш ўртоғи Маматқулов Бегим бобо билан 51 йил умргузаронлик қилди. Оиласида доим тинчлик ҳукмронлик сурди. Турмуш ўртоғи Бегим бобо уруш фахрийси. Фарзандларига бир бурда нонни ҳам ҳалол меҳнати ортидан едирди. Ўзи олий маълумотга эга бўлмаган бўлса ҳам фарзандларининг таълим олишида бош-қош бўлди. Менгнор момо іийинчиликда кечган ҳаёт йўлларини шундай эслайди: Ёш эдим, уруш бошланиши кўплаб оилаларнинг бошига кулфат олиб келди. Яқинларимизни урушга кузатиб қолар эканман соғ-омон оиламиз бағрига қайтишини сўраб илтижо қилдим. Мени кўпроқ меҳнат қилишга Ватанимиз тинчлиги учун жонларини хатарга қўйиб қонли майдонларда жанг қилаётган аскарларимизнинг жасорати ундади. Устилари бут, қоринлари тўқ бўлса яхши жанг қилади деган фикр доим ёдимда турди. Бугун замонамиз тинч. Ёшлар учун ҳам, нуронийлар учун ҳам давлатимиз томонидан барча имкониялар яратилган. Бугунги кунда 50 нафардан ортиқ набирам бор, 25 нафардан кўп чеваранинг севимли бувижонисиман. Менгнор момо 96 ёшини оила даврасида, яқинлари билан шукроналик оши бериб элдан дуо олиб нишонлади. Онахонни табриклаш учун Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Қумқўрғон туман ихтисослаштирилган мактабининг иқтидорли ўқувчилари ҳам хонадонининг меҳмони бўлишди. “Сурхон соҳили” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алибек Мусаев Менгнор момо маҳалламиз фахри дея таъкидлади. Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришда ҳам ўзининг панд-насиҳатларини аямайди. Ёшларни ҳар бир ўтаётган кунимизга шукрона қилишга ундайди. Меҳнат қилган доим роҳатда яшашини айтади. Барча тумандошларимиз номидан Менгнор момони муборакбод этамиз. Нафақат хонадонининг балки туманимизнинг ҳам файзи бўлиб узоқ умр кечиришини тилаймиз.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА