Китоб – буюк донишманд

Тумандаги 2-мактабда 15 – октябрь куни бошланғич синф ўқитувчилари иштирокида “Бошланғич таълимда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш” мавзусида семинар ўтказилди.
Семинар жараёнида 8 соат очиқ дарслар, заковат ўйинлари, беш ташаббус бўйича кўргазмалар намойиши, ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Семинар доирасида Табиий фандан “Гулларни экиш ва парвариш қилиш” мавзусида бир соатлик очиқ дарс машғулоти ўтиб берилди. Дарс мобайнида ўқувчиларга гулларни гултувакларга экиш қоидалари ҳамда парваришлаш жараёни кўрсатиб берилди. Гулларни бежизга гўзаллик тимсоли деб қиёслашмайди. Гулларга меҳр қўйган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Болажонларни ёшлигидан гулларга меҳр қўйишга ўргатсак келажакда, албатта, бу ўз мевасини беради.
Ойдин Хурсанова

Умумтаълим мактабларида мунтазам ўтказилиб келинаётган фан ойликлари тадбирлари ўқувчиларнинг фанларга, билим олишга бўлган қизиқишларини янада оширмоқда. Мактабларнинг нафақат юқори синф, балки бошланғич синф ўқувчилари ҳам жуда катта қизиқиш билан фан ойликлари тадбирларида фаол иштирок этишмоқдалар.
Шунингдек, мактабларда фан ойликлари тадбирларидан ташқари ноанъанавий очиқ дарслар ҳам ўтказилмоқда. Очиқ дарсларда устозлар замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиб, дарс жараёнларини ташкил қилишмоқда. Мактабда ташкил этилган семинарда 3 синф ўқувчиларига ўқиш фанидан “Икки ирмоқ” мавзусида очиқ дарс ўтилди. Дарсда ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш учун ноанъанавий усуллардан ҳам фойдаланилди. Мевалар ичига яширинган қизиқарли саволлар дарсни янада мазмунли ўтишига сабаб бўлди.
Дилноза Норматова

Очиқ дарсда ўқитувчи ўқувчиларнинг эпчиллигини, чаққонлигини янада оширувчи, хотирасини мустаҳкамлайдиган ноанъанавий таълим методларидан фойдаланади. Бу каби методлар ўқувчиларнинг олган билимини хотирасида мустаҳкам сақлаб қолишида хизмат қилади. 2-мактабда ташкил этилган семинарда Тарбия фанидан “Китоб – буюк донишманд” мавзусида очиқ дарс ўтилди. Китобнинг фойдали жиҳатлари ўқитувчи томонидан содда аммо эсда қоладиган қилиб ўқувчиларга тушунтириб берилди. Китоб ҳақида ҳикматли сўзлар, шеърлар айтилди. Хусусан, “Ким эпчил? Ким чаққон?”, “Хотира машқи” таълим методлари ўқувчиларнинг индивидуал қобилиятларини янада ривожлантирди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, таълим самарадорлигини оширишда янги педагогик технологияларнинг қўлланилиши бу соҳада катта ютуқларга эришиш имконини беради. Замонавий педагогик технологиялар ўқувчиларда ижодкорлик, эпчиллик, топқирлик, тез фикрлай олиш қобилиятларини ривожлантиришга, ўз устида ишлаш, бир-бирини тинглаш, мустақил фикр юритиш кўникмаларининг шаклланишига кенг йўл очади.
Ойдин Турсунова