Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга байрам совғаси улашилди

Юртбошимизнинг қутлуғ айём – Қурбон ҳайити байрами куни олдидан ҳеч бир эҳтиёжманд оила эътибордан четда қолмаслиги, кам таъминланган аҳоли қатламига кўрсатилаётган моддий ёрдамнинг манзилли етиб боришини таъминлаш юзасидан берган топшириқларига асосан 2020 йил 29-30 июль кунлари туманимиздаги сектор раҳбарлари бошчилигида кам таъминланган, ногиронлиги бор, якка-ёлғиз яшовчи ва ўзгалар мададига муҳтож оилаларга хайрия маблағлари тарқатилди.
Муҳтарам Президентимизнинг байрам туҳфаси сифатида туманимиз бўйича кам даромадли «темир дафтар»га киритилган, пандемия сабабли даромадидан айрилган, эҳтиёжманд оила учун ажратилган жами 737 миллион сўм пул маблағлари сектор раҳбарлари, туман Кенгаши депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида манзилли равишда тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6038-сонли Фармонига асосан республика миқёсида 400 минг эҳтиёжманд оилаларнинг 1,7 млн. нафар аъзосига 380 млрд. сўм пул маблағи тарқатилиб, бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Ажратилган маблағларнинг, эҳтиёжманд оилаларга, ўз вақтида етиб бориши Президент Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.
Қурбон ҳайити халқимизнинг асрлар давомида сайқалланиб келаётган инсонпарварлик, саховат, меҳр-оқибат ва одамийлик фазилатларининг ифодасидир. Ҳайит арафасида одамлар бир-бирининг ҳолидан хабар олиш, камбағал ва бева-бечораларга мурувват кўрсатиш, касалмандларнинг кўнглини кўтаришни одат қилишган. Айниқса, Коронавирус пандемияси туфайли оғир шароитга тушиб қолган оилалар, иш ўрнини йўқотган ва даромад манбаидан айрилган фуқаролар учун Президентимиз томонидан кўрсатилган юксак даражадаги бу эътибор айни муддао бўлди.
Кам таъминланган эҳтиёжманд оила вакиллари Президент совғасини олиш жараёнларида Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтдилар. “Ғамхўрлик учун Президентга раҳмат!» – дейди “Шерозий” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила бекаси Нодира Ғаффарова.
«Юртимиз тинч бўлсин, Юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин»,- дейди яна бир эҳтиёжманд оила аъзоси “Исломобод” маҳалласида яшовчи фуқаро Ўрозова Ойсоат.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига моддий ёрдам ажратилиши билан боғлиқ муаммолар юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқилиши тизими йўлга қўйилди.
Туман ҳокими Р. Гаппаров 1 сектор ҳудудида жойлашган маҳаллаларда яшовчи турмуш шароити оғир оилалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан самимий муборакбод этди. Мазкур оилаларга Президент совғаси ҳамда байрам дастурхонига гўшт, бир қоп ун, ёғ, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб берилди.