
Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудлари, туман марказлари, овул ва қишлоқларда “Маънавият карвони” фестивали доирасида, маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, спорт мусобақалари, кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда. Тумандаги “Алпомиш” спорт мажмуасида “Маънавият фестивали” доирасида “Янги Ўзбекистон – инсон қадри ва манфаатлари улуғланган юрт” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирни туман ҳокими А. Нормаматов очиб берди. Элимиз суйган санъаткорлар Гулбаµор Эрқулова, Меҳмонали Салимов, Мухлис Бердиев, Шербек Шодиев, Розахон, Сурайё Қосимовалар тадбирдаги чиқишлари орқали мухлислар қалбига қувонч олиб кирди.
Туманимиздаги маҳаллаларда, таълим муассасаларида, пойтахтимиздан келган таниқли санъаткорлар, кино юлдузлари, шоирлар иштирокида 6 кун давомида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Халқимиз ардоқлаган қўшиқчилар, актёрлар, ижодкорлар Қумқўрғон шаҳар маданият маркази томоша залида ўз истеъдодларини намойиш қилди. “Янги Ўзбекистон-инсон қадри ва манфаатлари улуғланган юрт” деб номланган тадбир чинакам санъат ва адабиёт байрамига айланди. Тумандаги маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасалардан келган томошабинлар қизиқарли ва мазмунли дастурни мароқ билан томоша қилди.
Туман маданият бўлими ходими Сожида Холиёрова самимий, кўнгилга ёқар бошловчилик маҳорати билан мухлисларни қувонтирди. Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети кафедра мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев Қумқўрғон туманининг тараққиёти, мафкуравий ишларни амалга оширишда эришаётган ютуқлари, гўзаллиги ҳақида тўлқинланиб гапирди. Хонанда Мухлис Бердиев ўз репуртуаридаги қўшиқларини ижро этди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли актёр Меҳмонали Салимов “Машраб ғазали”ни ифодали айтиб, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърини қўшиқ қилиб куйлади. Тумандошимиз, таниқли шоир ва журналист Абдумажид Азим республика маданият ва адабиёт намоёндалари қаторида ўз истеъдоди орқали адабиёт мухлисларини қувонтирди. Моҳир ижодкор узоқ йиллик самарали меҳнати ва ижоди билан юқори натижаларга эришди. “Энг азиз, энг улуғ” ҳамда “Ватан учун яшайлик” республика танловларида ғолибликни қўлга киритди. Ўнтадан зиёд китоблари нашр этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлари уюшмалари аъзолигига қабул қилинди. Ҳозир Республика маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси лавозимида меҳнат қилмоқда. У бу галги ижодий сафари чоғида шеърият мухлисларига дилдаги гапларини айтиб, “Ота уйи” ва “Ўзбекларим” шеърларини ўқиб берди. “Ниҳол” мукофоти совриндори, хонанда Маржона Қобилова қўшиқлар куйлаб томошабинларнинг кайфиятини чоғ қилди. Киноактёр Акром Аҳмедовнинг ташрифи киномухлислар учун катта совға бўлди. Бу актёр тумандошларимизга “Чегарадаги қишлоқ”, “Бу ҳаёт”, “Атиргул” сериаллари билан яхши маълум. У моҳирона ижро этган роллари билан томошабинларга тез танилди. Кино актёрнинг бу галги етимликнинг изтироблари ҳақидаги ижроси ҳам таъсирчанлиги билан ёдда қолди. Ўзбекистон Давлат драма театри актёри Маҳбуба Хуррамова “Орзугул” монологи ва қўшиқлари, Ўзбекистон Давлат филармонияси хонандаси Фахриддин Холназаров куйлаган қўшиқлари билан санъат, мусиқа мухлислари қалбидан жой олди. Томошабинлар рақсларга тушиб тадбирга гўзаллик, файз қўшди.
Р. МЕНГЗИЯЕВА