Олимлар, зиёлилар, мамлакат ва миллат келажаги учун чуқур қайғурганларни яқин-яқингача бир нарса қийнаб келарди: нега ёшларимиз, умуман, фуқароларимиз ўртасида китобхонлик маданияти пасайиб кетди, нима учун ердан кўкка кўтарадиган, бизни баркамоллик сари етаклайдиган, инсонлар қалбига ёруғлик ва илиқлик киритадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонлик, вайронкорлик билан бунёдкорликнинг фарқини онгли равишда англатишга ёрдам берадиган, инсоният томонидан яратилган энг ноёб кашфиёт – китобнинг қадри тушиб кетмоқда? Не сабабдан айримлар китоб ўқиганларни замондан орқада қолаётганлар қаторига қўшиб қўймоқда?
Дарҳақиқат, бу саволлар барчамизни қийнар эди. Мен шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 октябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги сайловолди маърузасида билдирилган айрим фикрлари хусусида тўхталмоқчи эдим. Маърузада бугунги кунда ахборот – коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, барқарор тараққиётга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмаслигига эътибор берилган. “Айни пайтда, – дейди Шавкат Миромонович, – ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади”. Мамлакатимиз раҳбарининг китоб, китобхонлик маданиятини яхшилаш тўғрисида куюниб гапираётганликларининг чуқур фалсафаси бор. Биринчидан, юқорида қайд этилгани каби, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк куч ҳисобланади. Иккинчидан, китоб инсониятнинг тарихий хотираси, барчамизни ўз маънавий-маърифий, илмий заминимизни мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир машъала ҳисобланади. Китоб ўқиш барчамизнинг маънавий оламимизни бойитади, сўзлашув маданиятимизни оширади.
Зулхумор Хидирова,
туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб – қувватлаш бўлими бошлиғи