Вилоят ҳокими уруш фахрийсига Президент совғаси ва пул мукофотини топширди

Инсон хотиралар билан яшайди.
Кечаги куннинг машаққатларини эслаб, оғир
дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт билан
солиштирсак, эзгулик, яхшиликни улуғлаб
яшашга кўпроқ интиламиз. 9 май – Хотира
ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ
байрами сифатида нишонланиши замирида
ҳам кишиларни эзгуликка ундаш
фалсафаси мужассам.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида яшаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ”Мунчоқтепа” маҳалласида яшовчи Мусаев Ҳайит бобонинг хонадонида бўлиб, Президентимизнинг 9-май Хотира ва қадрлаш куни ҳамда ғалабанинг 77 йиллиги муносабати билан уларга Президентимиз томонидан йўлланган табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг қимматбаҳо совғаси ва бир марталик пул мукофотини тантанали топширди. Туманимизда бир нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси истиқомат қилмоқда. Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, сектор раҳбарлари, туман ҳокими Р. Гаппаров, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, маҳалладошлари, ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
-Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ёшимга ёш қўшмоқда,-дейди Мусаев Ҳайит бобо. -Президентимизнинг байрам табриклари, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларидан қалбим тоғдек ўсмоқда. Бундай эътибор ва эъзоз учун давлатимиздан миннатдорман.
Байрам муносабати билан кўрсатилган ушбу эътибор учун кун қаҳрамони ва унинг яқинлари давлатимиз раҳбарига ва маросим ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.
Бу ерда фахрий отахон шарафига байрам дастурхони ёзилди. Қумқўрғон тумани 14-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчилари ҳамда 21- мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган ўтмиш, бугун ва келажак уйғунлашган бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди.
Мусаев Ҳайит бобо 1923 йилда Бойсун тумани Пулҳоким қишлоғида туғилган. 1942 йилда урушга кетган.
1944 йилда юртимизга қайтиб келгач, ўқувчиларга сабоқ бериб қизғин меҳнат фаолиятини олиб борган.
Суҳбат давомида отахон ўзининг ҳаёт йўллари ҳақида йиғилганларга сўзлар экан, бугунги дориломон кунларнинг бебаҳо неъмати бўлган тинчлик қадри беқиёс эканини такрор-такрор тилга олди.
Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзланган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.