Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик даромад ҳажмини аниқлаш тартибидан хабардормисиз?

Оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача даромад болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги ойгача бўлган охирги уч ойи учун ҳисоблаб чиқилган барча оила аъзоларининг даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига ва учга бўлиш орқали аниқланади.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун оила таркибига фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳи қайд этилган эр-хотин (ёки уларнинг бири) ва улар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар (шу жумладан, васийликка (ҳомийликка) олинган болалар), шунингдек, ота-оналари билан бирга яшайдиган ва ўз оиласига эга бўлмаган 18 ёшдан катта болалар (шу жумладан, васийликка (ҳомийликка) олинган болалар), ёлғиз оналар (оталар) киритилади.

Бунда тўлиқ давлат таъминотидаги болалар, тарбиялаш учун оилага қабул қилинган (патронат тартибида) болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шунингдек, суд қарорига асосан бедарак йўқолган деб топилган шахслар оила таркибига киритилмайди.

Бир ойлик ўртача жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига оила томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:

меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;

мулкий даромадлар;

олинган алиментлар. Бунда, фуқаро томонидан тўланган алиментлар суммаси оиланинг жами даромадидан чиқариб ташланади;

якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга ҳисобланадиган норматив даромадлар;

пул тушумлари, шу жумладан, чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари ва бошқалардан олинган пул ўтказмалари суммаси. Бунда хорижий валютада олинган пул ўтказмалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг «Ягона реестр» АТ томонидан электрон маълумот олинган кундаги белгиланган курси бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ҳисобга олинади;

Ариза берувчи ва оила аъзосининг ҳар бир корхона устав фондидаги улуши, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашганлик учун шахсга тўланган меҳнат ҳақи;

тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан, штамплар ва муҳрлар олиш, электрон рақамли имзо олиш, тадбиркорликка ўқиш харажатларини тўлаш ва кредитни олиш чоғида суғурта полиси ҳақини тўлаш ҳамда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, уруғликлар, кўчатлар, суғориш воситалари олиш учун меҳнат органлари томонидан ажратилган субсидияларни олган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган норматив даромадлар;

пенсиялар ва нафақалар (ушбу Низомда белгиланган тартибда оила олаётган болалар нафақаси ёки моддий ёрдам, ногиронлик бўйича нафақа, ногиронлик бўйича нафақа суммаси доирасидаги ногиронлик пенсияси (ногиронлик пенсия миқдоридан зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори чегириб ташланади), боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси, 18 ёшдан катта болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар ва ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшга бўлган шахсларга нафақа, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали бериладиган бола туғилганлиги ҳамда дафн этиш маросими учун бир йўла тўланадиган нафақа, таълим муассасалари томонидан тўланадиган стипендиялар, меҳнат органлари томонидан ишсиз фуқароларга тайинланадиган ва тўланадиган моддий ёрдам, меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида тўланган стипендия бундан мустасно);

томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинган даромад;

чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган фуқароларга ҳисобланадиган норматив даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар амалда ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунига қадар).

«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида микрокредит олинган санадан бошлаб охирги 12 ой мобайнида оилавий тадбиркорликни амалга оширишдан олинган даромадлар оиланинг даромади таркибига киритилмайди.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадни аниқлашда (якка тартибдаги фаолият маълум муддатга тўхтатилган давр бундан мустасно) даромад аниқланаётган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган бир ойлик суммасининг ўн баравари миқдорига тенг бўлган, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг даромадлари миқдорини аниқлашда даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Агар электрон ахборот алмашинуви орқали олинган маълумотларда чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолият турини амалга оширувчи оила аъзоларидан пул ўтказмалари миқдори аниқланмаса, у ҳолда оиланинг бир ойлик ўртача жами даромадини аниқлаш учун оиланинг чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзосига даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ушбу бандда кўрсатилган оила аъзоси (аъзолари) нинг бир ойлик ўртача норматив даромади оиланинг ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.

Фуқаро бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда бошқа мақсадлар учун меҳнат органлари томонидан ажратилган субсидиялар ва грантларни олган ариза берувчи ва/ёки унинг оила аъзосига даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ушбу бандда кўрсатилган оила аъзоси (аъзолари) нинг бир ойлик ўртача норматив даромади оиланинг бир ойлик ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.

Болалар нафақаси ва моддий ёрдамга мурожаат қилган ойда даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган, тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига ариза берувчи ва/ёки унинг оила аъзосига даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ушбу қоида:

«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга;

бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);

таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи ўқиш шакллари бундан мустасно);

ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга;

амалда томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;

18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда отасига), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга (ушбу маълумот Пенсия жамғармаси бўлими томонидан аниқлаштирилади);

чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолият турини амалга оширувчи оила аъзоларига;

оиланинг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;

суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига;

оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига;

боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга;

расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида «Темир дафтар»да бўлган оилаларга;

туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, ушбу марказ томонидан касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинадиган бир ойлик ўртача норматив даромад томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун фойдаланилаётган сотихлар майдонини жами даромад аниқланаётган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,035 бараварига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Ушбу бандда кўрсатилган бир ойлик ўртача норматив даромади оиланинг ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Бунда:

а) 4 сотихгача бўлган томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалиги майдонида оиланинг меҳнатга лаёқатли ишсиз битта аъзоси ҳамда кейинги ҳар бир 4 сотихгача майдон учун қўшимча биттадан оиланинг ишсиз аъзоси томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган деб ҳисобланади;

б) оила аъзолари томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган деб қуйидаги кетма-кетлик бўйича ҳисобланади:

биринчи навбатда, меҳнатга лаёқатли ишсиз бўлган, бола парвариши ва ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, жазони ижро этиш жойларида жазони ўтамаётган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган оила аъзосига;

оиланинг вояга етган, таълим муассасасида таҳсил олмаётган, жазони ижро этиш жойларида жазони ўтамаётган ёки чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтамаётган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган, ўз оиласига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатли ишсиз фарзандига, шунингдек, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган шахсга (бир нечта фарзанди бўлганда — ёш кетма-кетлиги бўйича);

таълим муассасасида таҳсил олмаётган, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтамаётган ёки чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтамаётган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган меҳнатга лаёқатли ишсиз отасига.

Чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган фуқароларнинг бир ойлик ўртача норматив даромадини ҳисоблаш:

чорва моллари ва паррандаларнинг сони шартли бош қорамол сонига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 августдаги 689-сон қарори билан тасдиқланган Яйловларда чорва молларини ўтлатишда энг кўп йўл қўйиладиган фойдаланиш нормаларини белгилаш, яйловлар алмашинишини таъминлаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-иловада келтирилган Чорва молларини ва паррандаларни шартли бошга ўгириш коэффициентига асосан ўтказилади;

ҳар бир шартли бош қорамол сонини даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,5 бараварига кўпайтириш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.

Ушбу бандда кўрсатилган бир ойлик ўртача норматив даромад оиланинг ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.

О. Каримов,

туман пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари