Улуғ алломалар маънавият тимсоли

Туманимиздаги 33-мактабнинг Фаоллар залида «Икки буюк сиймо Алишер Навоий ва З. М. Бобур» таваллуди кунларига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Мактаб саҳнаси мумтоз адабиёт вакилларининг портретлари, китоблари кўргазмаси, чолғу асбоблари, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, каштачилик намуналари,  гуллар, шарлар билан безатилди. 33-мактаб директори Э. Эргашев тадбирни тантанали равишда очди. Туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Ш. Мамадиев, туман ХТБ Она тили ва адабиёти фанлари услубчиси Б. Кенжаев сўзга чиқиб улуғ алломаларнинг ибратли фаолияти ва ижоди ҳақида гапирди.

Мактабларнинг ўқувчилари устозлари ёрдамида адабий-маданий дастурни тайёрлаб намойиш қилди. 33-мактаб ўқувчилари сухандонлиги, билимдонлиги, адабиёт ва санъатга қизиқишларини намоён қилувчи дастурни тамошабинларга ҳавола этди. Ғазалхонлик тўгараги аъзолари Навоий ғазалларини ёддан ифодали айтди. Истеъдодли, хушовоз ўқувчи Севинч Тўрақулова «Отмагай тонг» қўшиғини ижро этди. Ўқувчилар Бобур рубойиларини ифодали айтиб, «Фарҳод ва Ширин» саҳна асарини ва «Қошингиз қорасиман» рақсини саҳнада кўрсатди. Тадбирда 4-мактаб ўқувчилари Уйғун ва Иззат Султон қаламига мансуб «Навоий ва Гули» саҳна кўринишини, 3-мактаб ўқувчилари янги талқиндаги спектаклни ижро этди. 27-мактаб ўқувчилари Навоий ғазалларини ифодали айтди. Ўқувчиларнинг миллий либосларда чиқишлари ҳам томошабинларни қувонтирди.