Газетхонларимизни қизиқ ва ўқишли мавзулар билан қизиқтириш мақсадида анкета саволларимизни туздик. Китобхонларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилиб, олган жавобларни нашр этамиз.
– Неча ёшда китобга меҳр қўйгансиз?
– Илк ўқиган китобингиз сизда қандай таассурот уйғотган?
– Ўқиган асарларингиз ичида қайси ибратли жиҳатлардан таъсирландингиз?
– Шу вақтгача тахминан қанча асарларни ўқидингиз?
– Охирги ўқиган асарингиз?
– Ёш авлодга қандай тавсиялар берасиз?
Бугун 33-мактабнинг директори, Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси, Ўзбекистон Республикасининг 20 йиллиги, 30 йиллиги эсдалик нишонлари билан тақдирланган педагог Эшмамат Эргашев газетамиз меҳмони бўлди. Устоз ўзининг китобхонлик маданияти ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
- Бизнинг болалик чоғларимизда боғча бўлмаган. Мен 6 ёшимда мактабга борганман.
Ўша пайтда мактабда тайёрлов гуруҳи бўларди. Устозим Мамасоатов Парда бободан бир йил таълим-тарбия ўрганганман. Шу ҳурматли ўқитувчим менда китобга меҳр уйғотган. Шундан буён китоблар ўқиб ўзим учун умр бўйи асқотадиган ҳамроҳ, устоз топганимидан бахтиёр яшаяпман.
- Дастлаб эртак китоб ўқидим. Ҳаётда тўғрилик, адолатлилик, доимо ғолиб бўлиш фазилатларини эртак қаҳрамонларидан ўргандим.
- Ўзбек ва жаҳон адабиёти ёзувчиларининг асарларини кўп ўқидим. Китоблардаги ижобий қаҳрамонларнинг фазилатлари, хатти-ҳаракатлари мени ўзига жалб этди. Улардан ўрганган одам ҳаётда кам бўлмайди. Балки керакли билимларни эгаллаб комил инсон сифатида тарбия топади. Мен китобдан инсонийликни, Ватанга муҳаббатни, ота-онани ҳурмат қилишни, адолатли раҳбар бўлишни, инсонларга яхшилик қилишни ва бошқа кўп ибратли жиҳатларни ўргандим. Бу менга раҳбарлик фаолиятимда ва кундалик турмуш тарзимда асқотаяпти. Китоблардан ўрганганларимни ҳаётда қўллаб ютуқларга эришаяпман.
- Ҳозир 49 ёшдаман. Шу вақтгача беш юздан зиёд китобларни мутолаа қилдим. Китоб энг яқин дўст, устоз вазифасини ўтаяпти. Ҳаммага китоблар ўқишни маслаҳат бераман. Барчамиз инсонмиз, мустақил ҳаёт кечираяпмиз. Керакли ютуқлар ва манфаатларга эришиш учун китобларни ўқиш керак. Фикрларни ривожлантиради, билмаганни ўргатади. Ўаётда қўллаб зафарларга эришиш хурсандчилик олиб келади.
- Ҳозир рус адабиётида машҳур бўлган ёзувчи Ф. Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» асарини ўқияпман. Ҳали ўқиб тугатганим йўқ. Ёзувчининг маҳоратига, қаҳрамонларнинг саргузаштларига, адолат изловчиларнинг билимдонлиги ва топқирлигига тасаннолар айтаяпман.
- Ёш авлоднинг китобга меҳр қўйишини жуда хоҳлайман. Билим олишини, ўртоқларига меҳрли бўлишини, Ватанга садоқат билан меҳнат қилишни, она-онасини ҳурмат қилишни, адолатлилик фазилатлари мужассам бўлишини тилайман. Ёшликдан ўрганган билим ўйилган нақш каби мустаҳкам бўлади. Шунинг учун фурсатдан фойдаланиб китоб ўқиб мустақил ҳаётга тайёрланишни маслаҳат бераман.
Суҳбатдош
Н. МУҲАММАДИЕВ