Сифатсиз термосни сотиш оқибатлари

“Тижорат” сўзи улуғ аллома, шеърият мулкининг султони А. Навоий яшаган даврда мавжуд бўлиб савдо-сотиқ маъносини англатган. Халқимизнинг савдо ишларини бажаришда ҳалоллик, харидорнинг ҳақига хиёнат қилмаслик ҳақида кўп гапиргани ҳам маълум. Таниқли мулкдорларнинг билимлари асосида 10 дона маҳсулот ишлаб чиқариб сотсанг 1 донаси миқдорида фойда қил деб ўргатилгани ҳам инсонлардаги савдо маданиятини оширган. Шунча маънавий манбаларга эга бўлишимизга қарамасдан савдо дўконида сотувчи нотўғри хизмат кўрсатиб харидорнинг ҳақига хиёнат қилаётгани таажжубланарли. Яхшиямки Қумқўрғон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти савдо хизмат кўрсатишни тартибга солмоқда.
Ҳуррият маҳалласида яшовчи истеъмолчи М. Ш.нинг 2020 йил 18 ноябрь кунида туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раисига мурожаати ўрганилганда харидорнинг ўз ҳақини тўғри талаб қилганлиги маълум бўлди. Мурожаат туман Буюм бозоридаги 113-сонли дўконда сотувчи Х. М. иштирокида ўрганилганида ҳақиқатан ҳам истеъмолчи М. Ш. томонидан сотиб олинган термос сифатсиз эканлиги аниқланди. Дўкон сотувчисига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти тушунтирилди. Жамият ходимлари аралашуви натижасида истеъмолчига сифатсиз термос учун тўлаган 70000 сўм пули ундириб берилди.