Мактаб директори ўз вазифасига ишга тикланди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг Сурхондарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инcпекторига Қумқўрғон тумани Уяс маҳалласида яшовчи Бобоев Шерзод Абдуллаевич мурожаат қилди.
Ариза муаллифи мурожаатида, иш берувчининг хатти ҳаракатларидан норози бўлиб, ноқонуний меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги туфайли ўз вазифасига ишга тиклашга ёрдам беришни сўраган.
Аниқланган ҳолатларга кўра, Бобоев Шерзод 2017 йилдан буён, Қумқўрғон туманидаги 11-сонли умумтаълим мактаби директори вазифасига ишга тайинланган.
Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармасининг 2021 йил 16 февралдаги №34-х/с-сонли буйруғига асосан халқ таълими бошқармасининг мутасадди ходимлари томонидан Қумқўрғон туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабидаги таълим-тарбия жараёни ўрганилган ва бир қанча-хато камчиликлар аниқланиб, мактабда таълим-тарбия жараёни мактаб раҳбарларининг масъулиятсизлиги ҳамда эътиборсизлиги натижасида ачинарли аҳволда келиб қолинганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Кенгашининг 2021 йил 16 апрелдаги № 6-25/125-сонли қарорига кўра Қумқўрғон туман 11-сонли умумтаълим мактаб директори Бобоев Шерзод Абдуллаевични лавозимидан озод этиш ҳақида тавсия берилган.
Иш берувчи-вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан Ш. Бобоев билан тузилган меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси МК нинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан (меҳнат муносабатларни бир маротаба қўпол равишда бузиш) 2021 йил 29 апрелдан бошлаб бекор қилган. (Буйруқ № 217-К 29.04.2021 йил).
Иш берувчи Ш. Бобоев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қатор хатоликларга йўл қўйганлиги аниқланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МК нинг 182-моддаси 5-қисмида “Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади…” деб кўрсатилган.
Ўрганишда, Халқ таълими бошқармаси томонидан 2021 йил 16 март куни хато камчиликлар аниқланиб, интизомий жазо қўллашнинг бир ойлик муддатини ўтказиб, у билан тузилган меҳнат шартномасини 2021 йил 29 апрелдан бошлаб бекор қилиб, МК нинг 182-моддаси 5-банди талабларини бузганлиги аниқланди.
Иш берувчи Ш. Бобоевга нисбатан интизомий жазо қўллашда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинмаган ҳамда ички меҳнат тартиб қоидалари билан таништирмаган ва бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олмаганлиги аниқланди. (МК нинг 182,101-моддалари).
Ўзбекистон Республикаси МК нинг 100-моддаси 3-қисмида “Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно” деб кўрсатилган.
Ўрганишда, Ш.Бобоев 2021 йил 20 апрелдан 2021 йил 19 майга қадар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган. Қумқўрғон туман КТМП томонидан унга 2021 йил 01 май куни №У-46 серияли меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилган.
Юқоридагиларга асосан, иш берувчи-вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан Ш.Бобоев билан тузилган меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси МК нинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилишда Ўзбекистон Республикаси МК нинг 100,101 ва 182-моддалари талабларини бузганлиги аниқланди.
Иш берувчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари Ш.Бобоевнинг ишчанлик обрўйига путур етказди, иш берувчининг ушбу ҳаракатлари унинг маънавий зарар кўришига сабабчи бўлган.
Ўзбекистон Республикаси МК нинг 271-моддасида “Меҳнат шартномаси қонуний асоссиз ёки белгиланган тартиб бузилган ҳолда бекор қилинган ёхуд ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган тақдирда, у меҳнат низосини кўриб чиқаётган орган томонидан аввалги ишига тикланиши керак.
“Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контрактни) бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида” ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорининг 46-банди талабига кўра меҳнат шартномаси ғайриқонуний бекор қилинган ёки ғайриқонуний бошқа ишга ўтказилган ҳолларда ходим аввалги ишига тикланиши шарт.
Ходимни ишга тиклашда унга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти иш берувчига юкланади.
Суд, ходимга етказилган маънавий зарарни қоплаш масаласини ҳал этишда қайси ҳолатларда ва иш берувчининг қайси ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида унга зарар етказилганлиги, иш берувчи айбининг даражаси, меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки бошқа ишга ўтказишда қонун очиқ-ойдин бузилган-бузилмаганлигини аниқлаши, ходимнинг қандай маънавий ва жисмоний азоблар чекканини белгилаши, бу зарарларни у қанча суммада ёки бошқача моддий шаклда қоплашини баҳоламоғи ва муайян низони ҳал қилиш учун муҳим бўлган бошқа ҳолатларни ойдинлаштирмоғи лозим. Маънавий ва жисмоний азоблар даражаси етказилган маънавий зиённинг ҳақиқий ҳолати жабрланувчининг шахсий хусусиятлари, етказилган азобларнинг оғирлигини тасдиқловчи аниқ ҳолатларга қараб суд томонидан аниқланади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан Ш.Бобоевнинг манфаатни кўзлаб жавобгари вилоят Халқ таълими бошқармасга нисбатан “Буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган вақтлари учун ойлик иш ҳақлари ҳамда маънвий зарарни ундириш ҳақида” фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2021 йил 25 июндаги ҳал қилув қарорига асосан, даъво қаноатлантирилди, Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармасининг 2021 йил 29 апрелдаги № 217-к-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топиб, бекор қилинди, Бобоев Шерзод Абдуллаевични 2021 йил 29 апрелдан бошлаб Қумқўрғон туманидаги 11-сонли умумтаълим мактаби директори вазифасига ишга тиклаб, мажбурий бекор юрган вақтлари учун 7.832.740 сўм ойлик иш ҳақлари ва 5.000.000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилди.
З. ХОЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг Сурхондарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори