Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Одам   савдосига   қарши   кураш   ҳамда   уни   олдини   олиш   борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 2020 йил 17 августда  Ўзбекистон  Республикасининг  “Одам савдосига  қарши  курашиш тўғрисида”ги  Қонуни  янги тахрирда қабул қилинди.

Қонун 7 боб ва 35 моддадан иборат бўлиб, Қонун “Халқ сўзи” газетасида 2020 йил 18 август куни эълон қилинган, одам савдосидан жабр кўрган фуқароларнинг ҳуқуқ  ва эркинликларини  ҳимоя  қилишга  оид  ваколатларни  ўзида  мужассам  этган. Ушбу   қонуннинг   мақсади   одам   савдосига   қарши   курашиш   соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

одам савдосига қарши курашиш — одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият;

одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади;

одам савдоси билан шуғулланувчи шахс — мустақил равишда ёки бир гуруҳ шахслар таркибида одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни содир этувчи жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек ўз ҳаракатлари билан одам савдосига кўмаклашадиган, худди шунингдек гарчи ўз мансаб ваколатларига кўра тўсқинлик қилиши ва қарши курашиши шарт бўлса ҳам одам савдосига тўсқинлик қилмайдиган ёки қарши курашмайдиган мансабдор шахс.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати,Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.

МХХ бир ярим йилда одам савдоси билан шуғулланган 216 нафар одамни қўлга олди

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия (бундан буён матнда Миллий комиссия деб юритилади) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал органдир.

Миллий комиссиянинг қарорлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бажарилиши шарт, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун эса тавсиявий хусусиятга эга.

Миллий комиссия:

Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан;

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан иборат.

Миллий комиссияни шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Шунингдек Қонунга кўра, Одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация қилинади.

Шунингдек, Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

— ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;

—​ вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни;

—​ ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;

—​ ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатишни.

Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.

Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар (бундан буён матнда ихтисослаштирилган муассасалар деб юритилади) ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган муассасаларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш шароитлари ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш;

одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам ва бошқа ёрдам кўрсатиш;

одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг қариндошлари билан алоқа ўрнатишига кўмаклашиш;

одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот тақдим этиш;

одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитациясига ва мослашувига кўмаклашиш.

Ихтисослаштирилган муассасалар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширади.

Тохир Тажиев

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман

судининг девонхона мудири

Акмал Турсунов

Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман

судининг девонхона мудири