ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ИШТИРОКЧИСИ МАЪЛУМ БЎЛДИ

Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги Қумқўрғон агросаноат техникуми зали Ёшлар ишлари агентлиги фаоллари, истеъдодли, касб-ҳунарли ўқитувчи ва ўқувчилар, уларнинг мухлислари хурсандчилигига бой бўлди. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда Сурхондарё вилоят “Қизлар овози” клуби билан ҳамкорликда “Сурхон гўзали” кўрик-танлови ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлимининг “Беш муҳим ташаббус”ни амалга оширишда 5-йўналишга масъул бўлган ходимлари тадбирни белгиланган муддатда ўтказишда ташкилотчилик қилди. Тумандаги ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар кўрик-танловда қатнашишга таклиф қилинди.
5, 11, 24, 32, 35, 42, 45, 46, 49, 65-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ва 14-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатидан келган ўқитувчи ва ўқувчилар чеварлиги, истеъдодлилиги, пазандалиги, чинакам гўзаллик яратиш қобилиятларини намойиш қилди. Улар Модалар намойиши, Галстук боғлаш, Эркин мавзу (мусиқий чиқиш) ва қизлар турмаги, Қайнота ва қайнонага чой узатиш, Энг мазали салат шартларини бажарди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шартни 10 баллик мезон асосида баҳолади. Якуний хулосага кўра, 42-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Ў. Бойтўраева 95 балл тўплаб фахрли биринчи ўринни эгаллади. У вилоят босқичига чиқди. 35-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Х. Сайфуддинова 93 балл жамғариб фахрли иккинчи ўриндан жой олди. 14-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси М. Турдиева фахрли учинчи ўринни банд этди. Фахрли ўринларни эгаллаган қизлар Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлимининг фахрий ёрлиқлари тақдирланди.
Туман Марказий маданият марказининг рақс тўгараги аъзолари мусиқалар садолари жўрлигида рақслар ижро этди. Қўшиқчи Исомиддин Маҳкамов айтган қўшиқ ва тадбир давомида янграган куйлар ҳам йиғилганларга яхши кайфият бағишлади.
Н. МУҲАММАДИЕВ