Аҳоли томонидан йўлланган саволларга жавоблар

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш муддати қандай белгиланади?
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан йиллик ажратилган газ ҳажми истеъмолчилар кесимида тақсимлаб чиқилади.
Жорий йилнинг I чораги давомида ажратилган суюлтирилган газ режаси ҳисоблаб чиқилганда 1 та истеъмолчига ойлик ўртача 13,8 кг ҳамда аҳоли хонадонига олиб борилаётган 20 кг суюлтирилган газ 45 кунда бир маротаба етказиб берилишига тўғри келмоқда.
Амалдаги қонунлар бўйича тарқатилаётган газ баллонлар ҳар бир аҳолига махсус назорат тарози орқали тортиб берилиши керак эмасми?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 август кунидаги 646-сон қарори билан тасдиқланган низомга асосан газ таъминоти бўлими автоуловлари махсус назорат тарозиси билан таъминланиши лозим бўлиб, фақатгина истеъмолчилар томонидан сўралганда (талаб қилинган тақдирда) назорат тарозиси орқали ўлчаб берилади.
Аҳолига сотилаётган суюлтирилган газнинг 1 кг неча сўм?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июль кунидаги 633-сон қарорида 1 кг суюлтирилган газ нархи 1120 сўм белгилаб қўйилган.
Газ баллонларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 июнь кунидаги 348-сон қарорида “Газ баллонларини таъмирлаш ва техник кўрикдан ўтказиш тасдиқланган тарифларга мувофиқ истеъмолчи ҳисобидан газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади” деб кўрсатиб ўтилган. Қарорга асосан “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминот филиалининг 2020 йил 15 декабрь кунидаги 216-сонли буйруғи иловасида 1 дона маиший газ баллонни таъминлаш ва синов кўригидан ўтказиш 5 йилда 1 марта ўтказилади, йилига 15 000 сўм, 5 йилга 75 000 сўм этиб белгилаб қўйилган.
«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминот филиали матбуот хизмати