Халқимизда “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақш кабидир” деган маъноли мақол бор. Маълумки, нақш гўзал ва нафосатли халқ амалий санъати намунаси бўлиб, инсонларни ўзига жалб этади. Кўп йил давомида чиройи сақланиб, кўрган-билганларни мафтун этади. Билимлар инсонлар миясига чуқур ўрнашиб йиллар давомида куч-ғайрат, шижоат бағишлайди. Ютуқларга эришишида манба вазифасини бажаради. Инсонлар билимларни илк марта ўрганган умумий ўрта таълим мактабини умр бўйи унутмайди. Қутлуғ билим даргоҳи, ҳурматли ўқитувчиларини эслаб, қадрига етади.
Туманимизнинг ҳозирги “Навбаҳор” маҳалласидаги 24-сонли умумтаълим мактабида 1961-1971 йилларда ўқиган синфдошлар таълим муассасасини битирган йилининг 50 йиллик юбилей санасини қизғин нишонлади. “Дийдор ширин” синфдошлар учрашувини ташкил этди. Билимларни ўргатган ўқитувчиларга чексиз ҳурмат-эҳтиромини кўрсатди. Асосий тадбирдан бир ҳафта олдин ҳозир ҳаёт кечираётган устозлари Маман Тўранов, Зиёдулла Холматовнинг уйларига бориб, ҳолидан хабарлашди. Дуоларини олиб, совғалар берди.
Жами 31 нафар синфдош ва уларнинг оила аъзолари қадрдон мактабига борди. Фаоллар залида юбилей муносабати билан йиғилиш ўтказди. Туманимизнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган, ҳозир Қизил ярим ой жамияти раиси Пўлатхон Зиёдуллаев ва туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозимида узоқ йиллар, самарали ишлаётган Боймурот Абдумўминов синфдошлар даврасида табрик гаплари ва тилакларини айтди. Бу намунали синф ўқувчилари орасидан 11 нафар олий маълумотли кадрлар етишиб чиқди. Улар қурилиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ҳарбий хизмат, халқ таълими соҳаларида фаол ишлади. “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Эшбой Хуррамов вилоят ва туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказида бўлим бошлиғи, Ж. Рўзиев (марҳум) Шеробод сув қурилиш трестига қарашли ишлаб чиқаришни технологик комплектлаш бошқармаси бошлиғи, халқаро йўл қурилиш қўшма корхоналарида масъул вазифаларда меҳнат қилиб обрў топди. Ўрта маълумотли синфдошлар ҳам турли соҳаларда ишлаб, фарзандларини тарбиялаб элимизнинг ҳурматига лойиқ ишларни бажарди.
50 йиллик юбилей муносабати билан тайёрланган “Умр йўлига қисқа назар…”, “Доимо қалбимиздасиз!” деб номланган видеороликлар намойиш қилинди. Видеороликларда биринчи синфдан то ҳозирги кунгача синфдошларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқача маълумотлар, аввал туширилган тасвирлар, эсдалик расмлар, ўйинлар, меҳнат жараёнлари, бугунги кунда марҳум ўқитувчилари ва синфдошларининг суратлари таъсирчанлиги билан томошабинларни тўлқинлантирди. Юбилярлар жонажон мактабига чексиз эҳтиромининг рамзи сифатида кутубхонага 40 дона китоб совға қилишди. Туризмни ривожлантиришга муносиб ҳиссаларини қўшиб Шеробод туманидаги Имом Термизий тарихий ёдгорлигини зиёрат қилди. Туманимиздаги “Коко-кола” оромгоҳида “Бир пиёла чой устида” қизғин суҳбатлашди. Ўқувчилик йилларидаги таассуротларини эслаб, мароқли дам олди.
Н. МУҲАММАДИЕВ