Ҳақиқатан алкоголизм касалликгина бўлиб қолмай, энг ёмон иллатдир. Бошқача таърифлаганда секинлик билан ўлиш, вақтидан илгари қариш, мия қуриши, ихтиёрий жиннилик, маъносиз умр кечириш, тубанлик, баракасизлик ва оғир ички хасталиклар демакдир. Алкоголизм мижоз танламайди. Айтайлик, бошқа касалликлар маълум шароитларда, жисмоний заиф ҳолатларда ривожланиши мумкин. Алкоголизм эса ҳар қандай кучли инсонни ҳам ўз домига тортиб, охир оқибат ҳалокатга гирифтор этади.
Маълумки, қадим замонларда май, шароб мавжуд бўлиб, ичиш русум ҳисобланган, лекин ҳозиргидек ружу қўйилмаган. Ҳозир оғир асоратлар қолдирмоқда. Юқорида таъкидлаганимдек, ароқ биринчи навбатда мияни қуритади, асабларни вақтинча фалажлаш йўли билан маст қилади. Ароқнинг мижози совуқ ва қуруқ бўлиб, совуқ мижозларга зарари катта. Кучайтирилган винолар эса доимий ичилганда танани кучсизлантиради. Ароқ буйрак ва сийдик аъзолари, бепуштлик, жинсий ожизлик, юрак ва асаб тизими ҳамда қандли диабет хасталикларининг ривожланишини тезлаштиради. Буйрак ва эркакларнинг простата бези касалликлари бор бемор тузалгандан анча кейин ҳам ароқ ва пиво ичиб турса касаллик, албатта, қайталанади. Устига-устак ҳозирги пайтда ишлаб чиқарилаётган ароқларда заҳарлилик хусусияти ва зарарли оғир металлар чўкмаси миқдори юқори. Бунинг натижаси улароқ кейинги йилларда аҳоли ўртасида юқорида келтирилган хасталиклар кўпаймоқда. Чунки ароқ таркибидаги заҳарли моддалар биринчи навбатда айнан ана шу аъзоларни зарарлайди.
Спиртли ичимликлар таркибидаги зарарли моддалар ичида энг хавфлиси қўрғошиндир. Спиртдаги қўрғошин, аввало, қон таркибини, лимфа тугунларини ва эркак уруғини бузади. Ичувчи шахс буни ўзи сезмайди. Ундан дунёга келадиган болада, яъни кейинги авлодда бунинг салбий таъсири бўлади. Чунки киши озгина ёки ўртача ичимлик ичганда енгил табиатли бўлиб қолади. Алкоголизм травматизмнинг ҳам сабабчисидир. Чунки транспорт бошқарувчилари, муҳим станок ва аппаратлар билан ишлайдиган ишчилар ичганда диққат-эътибори сусайиб, травма олишга сабабчи бўлади. Алкоголга ўрганиб қолмаслик учун спиртли ичимликларни тез-тез бетартиб ичишдан сақланиш керак. Иложи бўлса бутунлай ичмаган маъқул. Бу ўз ўрнида ҳар кимнинг иродасига боғлиқ. Алкоголизмга ўрганиб қолган кишилар учун шифохона ва наркологик диспансерлар мавжуд. Соғлиқни сақлаш тизимининг бу зарур муассасаларида тажрибали психиатр ҳамда наркологик врачлар ишлаяпти. Алкоголизм даволаб бўладиган касалликдир. Кези келганда шуни айтиш керакки, савдо нуқталарида спиртли ичимликлар сотилишини назорат қилиш ва уларни тартиб билан сотиш алкоголизмнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ёшларни меҳнатдан кейин дам олиш зоналарига, спорт майдончаларига, шахмат-шашка клубларига жалб қилиш, фойдали меҳнат билан шуғулланиш алкоголизмга қарши курашда жуда асқотади. Хулоса қилиб шуни айтамизки, спиртли ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш организм учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам зарарли одатдир. Ундан сақланинг!
Абдумалик ИСМОИЛОВ,
Кўп тармоқли марказий поликлиника врач норкологи