Фариштали бувижон!

Халқимиз орасида “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” каби ҳикматли иборалар мавжуд.
Бу иборалар ҳаётимизда ўз исботини топган. Аслида ҳам бутун умр давомида меҳнат қилиб, фарзандларини тарбиялаб, Ватаним деб яшаётган ҳар бир инсон кексайган кунида ҳурмат-иззат кўришга ва эъзозланишга муносиб ва лойиқдир.
Халқимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши каби ажойиб анъаналар мавжуд. Юртимиз ёшлари кексаларни кўрсалар, қўлларини кўксига қўйиб, салом берадилар. Уларнинг маслаҳати-ю, панд-насиҳатларига қулоқ соладилар. Ёши улуғларга уйнинг тўридан, дастурхоннинг бошидан жой берадилар.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.
Туманимиздаги “Хуррият” маҳалласида яшовчи Тожихол ая Жўраева бу йил 94 ёшни қарши олади. Юзидан нур ёғилиб турган онахон 12 нафар фарзандни дунёга келтириб, парваришлаб катта қилган. 100 га яқин набираларнинг севимли бувижониси. Фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай вояга етишлари учун бор куч-қувватини сарфлаган. Бир кунда 300-400 килограммдан пахта терган, пилла парваришлаган. Илғор теримчилар қаторидан жой олган. Доим рағбатлантирилган. Онахон билан суҳбатлашсангиз олам-олам завқ оласиз. Набираларига боқиб шундай бувиси борлигидан ҳавас қиласиз. Меҳнатдан қўли қаварган, бугунги фаровон кунларимиз учун ҳиссасини қўшган онахонимиздан миннатдор бўламиз. Бизларнинг ёруғ ва бахтли кунларга етиб келишимизда кексаларимизнинг саъйи-ҳаракатлари ва хизматлари беҳаддир. Уларнинг хизматлари, дуои фотиҳалари эвазига биз сиҳат-саломатмиз, ҳаётимиз тинч ва фаровондир.
Азиз нуронийларимиз, ғамхўр ва дуогўй отахону онахонлармиз бахтимизга соғ-саломат бўлишсин!
Зулхумор Хидирова,
туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи, туман Кенгаши депутати