Шифокорлик касби – энг машаққатли ва шу билан бирга шарафли касблардан бири ҳисобланади. Шифокорлик касби шарафли, меҳнати эса улуғдир! Сиз каби жонкуяр шифокорлар меҳнати ила инсонларнинг ҳаёти асралади, саломатлиги мустаҳкамланади. Тинчлик ва соғлиқ – бу ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган неъматдир. Шифокорларнинг ўз касбларига садоқатли эканликларини юртимизда кузатилган пандемия даврида гувоҳи бўлдик.
Ўзларининг азиз жонларини хавф остига қўйиб, беморларни вирусни енгиб ҳаётга қайтишлари учун бор билим ва кўникмаларини аяшмади. Шу ўринда Қумқўрғон туманида фаолият олиб бораётган шифокорларимиз ҳам туманимиз аҳолисининг касалликни енгишида фидокорона хизмат қилишди. Мамлакатимизда пандемия шароити мўътадиллашган бир вақтда баъзи фуқароларимиз ижтимоий тармоқлар орқали туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида ишловчи шифокорлар ҳақида асоссиз маълумотлар акс эттирилган видеолар ҳамда постлар қолдиришмоқда. Ушбу маълумотларни туман тиббиёт бирлашмасига бориб ўргандик. 6 январь куни фуқаро Э. Н. томонидан Қумқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексида навбатчилик қилаётган шифокорлар опамга қарашмаганлиги туфайли ҳомиласи нобуд бўлди, деб ижтимоий тармоқга жойлаштирилган видео мурожаати натижалари ўрганилди. 6 январь соат тунги 1:30 ларда Э. О. кучли оғриқ билан туғруқхона келган.
Ҳомиладор аёл қабулхонада навбатчилик қилаётган ҳамшира томонидан рўйхатга олинган, навбатчи шифокор томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. Ҳомиланинг юрак уруши йўқлиги аниқланган. Ҳомиладан олдин эшининг кўчиши ва кўп қон кетиши сабабли Э.О. жарроҳлик амалиётига олинган ҳамда шифокорлар меҳнати сабабли ҳаёти сақлаб қолинган. Мурожаатчи Э.Н. ўша вақтда тушкун аҳволда бўлганлиги ва ҳомиланинг юрак уруши йўқлигини эшитиб, опамга шифокорлар қарамаганлиги учун ҳомила нобуд бўлди деган фикрда бўлганлигини айтган. Вазиятни билгандан сўнг опасининг ҳаётини сақлаб қолган шифокорларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини ўзи ёзган тушунтириш хатида келтириб ўтган. Куни кеча ижтимоий тармоқ орқали Қумқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхонасининг хизматлари пулликми?, деган мурожаат чиқди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2017 йил 25 декабрдаги № 777 – сонли буйруғи билан тасдиқланган 113-рақамли тиббий ҳужжат шакли ҳомиладор аёлларга бериладиган алмашинув варақасида ўзи билан олиб келиниши керак бўлган буюмлар ёзилган: термометр тана ҳароратини ўлчаш учун, стрил резина қўлқоп, оксотоцин эритмаси, иккита полиэтилин халтача, шахсий гигиена воситалари, тоза дока ёки дазмол босилган чит газлама тагликлар учун, болончик, чақалоқ учун зарур бўлган кийимлар. Туғруқ жараёнида ҳамда туғруқдан кейин асосан она ва бола давлатимиз томонидан қуйидаги дори-дармон воситалари билан бепул таъминланади: спирт, пахта, линдафер, суюқ растворлар, цефотаксим натрийли тузи, магний сульфат, шприц, димедрол, цефазолин натрий, Витал Вит К1, метронидазол, скоба, системалар билан бепул таъминланади. Буларнинг аксарияти темир дафтарга киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун ажратилади дейди туғруқ комплекси катта ҳамшираси Г.Эсанова. Оиланинг мустаҳкамлиги кўпгина омилларга, жумладан улардан асосийси – она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир. Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келади. Аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериш масъулиятли вазифа ҳисобланади. Ҳомиладор аёллардан биз доим бир нарсани сўраганмиз: доим ўз саломатликларига эътиборли бўлишликларини. Она соғлом бўлса бола ҳам соғлом дунёга келади. Ҳомиладорлик вақтларида текширувлардан вақтида ўтиб, шифокор кўрсатмаларига амал қилса туғруқ жараёнида ҳеч қандай қийинчиликларга учрашишмайди. Баъзи ҳолатларда ҳомиладор аёл шифокор ёзиб берган дори –дармонларни ололмайди. Турмуш ўртоқлари, қайноналари тўсқинлик қилишади. Ёш келин ҳам кўп ҳолатларда ботиниб уйидагиларга айта олмайди. Натижада ўз вақтида олди олинмаган арзимас шамоллаш ҳам ҳомилага жиддий хавф туғдиришга асос бўлади. Йил давомида туман тиббиёт бирлашмасидаги туғруқ комплексида 6000 атрофида туғруқ рўйхатга олинади. Бир кунда ўртача ҳисобда 15 дан ортиқ туғруқ жараёнлари кечади. Шундан 6-7 нафардан ортиқ ҳомиладор аёлларга жарроҳлик амалиёти ўталади. Ҳомиладорлар патологияси бўлимига ҳам бир кунда 10-15 нафардан ортиқ ҳомиладор аёллар мурожаат қилишади. Туғруқ комплекси шифокорлари бир кунда 50 нафардан ортиқ ҳомиладор аёллар билан машғул бўлишади. Кези келганда навбатчиликдан чиққан кунлари ҳам кун давомида тушлик қилмасдан кетма –кетига 5-6 та жарроҳлик амалиётига киришади. Биз учун ўзларининг оромларидан кечаётган соғлигимиз посбонлари ҳақида ўринсиз сўзларни ёзишимиз қанчалик тўғри? Танганинг иккинчи томони бўлганидек ҳамма бўҳтон гапларни шифокорларга қаратмасдан иккинчи томонни ҳам ўрганиш керакмикан? Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз жоизки, Қумқўрғон тумани аҳолисини антропометрик ўлчовларни ўтказиб, фуқароларнинг соғлиги тўғрисида маълумотларни Республика бўйича жорий қилинган xatlov.uz дастурига киритишда вилоят миқёсида туманимиз етакчи ўринда турибди. Шу кунгача 35800 нафар фуқароларимиз дастурга киритилди. Азиз муштарийлар, ёнма-ён туриб керакли маслаҳатларимизни аямасдан тиббиёт соҳасини ривожлантириш ҳам, кераксиз бўҳтонлар тарқатиб аҳоли эътиборини тортиб шифокорларнинг ўз касбидан совутиш ҳам ўз қўлингизда. Юртимизнинг тараққиёти учун, фарзандларимизнинг ҳамда ўзимизнинг соғлом келажагимиз учун ҳамжихат бўлайлик. Зеро, Сизнинг дунёқарашингиз истиқболингиз камолидир.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА,
туман Кенгаши депутати