Сўнгги йилларда кўчаларимизда транспорт воситаларининг сони сезиларли даражада кўпайиб бормоқда. Бу аҳоли турмуш фаровонлигининг тобора юксалиб бораётганидан далолат беради, албатта. Лекин бу ҳолат, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга бўлган эътиборни янада кучайтиришни тақозо этади.
Ҳурматли ҳайдовчи! Аввало манзилингизга вақтидан бироз олдинроқ йўлга чиқсангиз, ҳаммасига улгурасиз. Албатта, қоидани бузиб, яхшигина жаримага эга бўлишни ким ҳам хоҳлайди? Ҳайдовчи қанчалик эҳтиёткор бўлса, йўлларимизнинг осойишталиги ҳам шунчалик таъминланади. Буни ҳар бир ҳайдовчи ҳис қилиши лозим. Юртимиз ҳайдовчи ва автоишқибозлари йўлларда тезлик эмас, босиқлик билан ҳаракат қилиб, ўз оилангиз бағрига эсон-омон етишингизнинг ўзи катта бахт.
РАДАР ОЛДИДА
ҲАЙДОВЧИ ЧОРАСИЗ
Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, республикамиз автомобиль йўлларида аянчли йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири – тезликни ошириш билан боғлиқ қоидабузарликларга қарши кескин чоралар кўриш мақсадида вазият мураккаб бўлган ҳудудларда 2009 йилдан бошлаб замонавий технологияларга асосланган фоторадар тизимини жорий этиш йўлга қўйилган. Фоторадарларнинг афзаллиги шундаки, у ҳайдовчи томонидан йўл қоидаси бузилишининг барча тури (телефонда сўзлашиш, хавфсизлик камарини тақмаслик, йўл белгилари ёки светофорга риоя қилмаслик, тезликни ошириш ва ҳоказо) нечанчи километрда, қачон содир этилганини яққол кўрсатади ҳамда тасвирга олади. Натижада ҳайдовчи қоидани бузганини умуман инкор эта олмайди.
БИР ВАҚТНИНГ ЎЗИДА
10 ҚОИДАБУЗАРЛИК
Фоторадарнинг расмга тушириш имконияти чекланмаган: сониясига биттадан суратга олади. Агар бир вақтнинг ўзида ўнта машина қоидани бузса, у ҳаммасини суратга туширади, хаттоки видеотасвирга «муҳрлайди». Бунинг натижасида тезликни ошириш билан боғлиқ ҳалокатлар сони камайиб бормоқда, йўлларимизда юзага келадиган тирбандликларнинг нисбатан олди олинмоқда. Шунингдек, республика бўйича қайд этилаётган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ)нинг марказлаштирилган электрон базаси юритилмоқда. Ушбу электрон маълумотлар ЙТҲ ҳисобини юритиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва олдини олишга қаратилган самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради. Рўйхатга олинган автотранспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар базаси транспорт воситаларини қидириб топишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир маъмурий ҳужжатлар ҳамда улар юзасидан кўрилган чоралар бўйича маълумотлар базасини яратиш учун дастурий таъминот ишлаб чиқилиб, республикамизнинг қатор вилоятларида жорий этилган. Натижада ҳайдовчилар томонидан қоидабузарликларнинг такрорланиши, белгиланган чоралар ва ундирилган жарималар тўғрисидаги барча маълумотлар билан ишлаш мумкин.
ДИҚҚАТ!
ОГОҲ БЎЛИНГ:
• Фоторадар билан йўл-патруль хизмати ходими ўртасидаги масофа 1–1,5 км оралиқда бўлади. Агар қоидани бузсангиз, фоторадар шу заҳоти сизни суратга тушириб йўл-патруль хизмати ходимининг қўлидаги мониторга юборади;
• Фоторадар серқатнов йўлларда, тирбандлик юзага келиши мумкин бўлган жойларда, гавжум аҳоли яшаш жойларидаги транспорт йўлларида ўрнатилади;
• Фоторадар қандай мослаштириб ўрнатилганига қараб, бир кунда 150-200 тагача қоидабузарликни суратга туширади. У нафақат кундузи, балки кечаси ҳам ҳар қандай қоидабузарликни аниқ суратга олиш имкониятига эга.
ПИЁДАЛАР
МАСЪУЛИЯТИ
Кўнгилсиз ҳодисалар юз бермаслиги учун нафақат ҳайдовчи йўл қоидаларига риоя этиши керак, балки пиёда ва йўловчи ҳам ҳаракатланиш маданиятини ўзлаштириши лозим. Баъзан йўлни кесиб ўтиш учун махсус ерости йўллари мавжуд бўлишига қарамай, кўпчилик катта тезликда келаётган машиналар олдини кесиб ўтишга ҳаракат қилади. Бу ҳолат асосан, бозорлар атрофида кузатилади.
Энг ачинарлиси, йўлнинг ўртаси панжара билан тўсилганига қарамай, катта ёшлиларнинг ҳам улардан ошиб ўтиши оддий ҳолга айланган. Бу билан улар, аввало, йўлларда тирбандликни туғдирса, иккинчидан, болаларга ёмон ўрнак кўрсатишаяпти.
СЎНГГИ СЎЗ
Ҳар бир ҳайдовчи, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл оиладек улуғ ва муқаддас қўрғоннинг эгаси ёки бекаси. Мабодо тагида машинаси бўлса, икки маротаба масъулиятлироқ бўлиши зарур. Оиласи, фарзандлари йўлига муштоқ эканини унутмаслиги керак. Шодон ва хуш кайфиятда, соғ-саломат уйга кириб келганингизга нима етсин! Йўлингиз бехатар бўлсин!
Файзулла
АРЗИҚУЛОВ,
Қумқўрғон туман ИИБ ЙҲХ гуруҳи Давлат йўл хавфсизлиги хизмати катта инспектори