Республика мутаҳассисларининг амалий ёрдами

Туманимизга ташриф буюрган юқори мартабали мутахассислардан амалдаги иш ва турмуш шароитларини фаровонлаштиришда, соҳаларда ютуқлар кўламини кенгайтиришда, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишда улкан ёрдамлар кутилади. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказидан 13 та мутахассислик бўйича шифокорлар келганлиги тумандошларимиз ҳаётида ижобий натижаларни кўрсатди. Жумладан, травматолог, ортопед, норколог, аллерголог, невралог, акушер-гинеколог, дерматолог каби тиббиёт ходимлари юқори сифатли тиббий хизматни амалга ошириш мақсадида ишлаганлиги қувонарли. 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” доирасидаги тадбирлар давомида бир кунда 20-25 та оилага кирилиб, беморларнинг ҳолидан хабар олинди. “Темир дафтар”га киритилган 145 нафар фуқарони тиббий кўрикдан ўтказди. Зарур чоғда беморлар вилоят тиббиёт муассасаларига олиб борилиб, текин қайта текширув амалга оширилди. Текширувлардаги хулосаларга кўра, 27 нафар беморни даволаш учун вилоят ва республика травматология-кардиология марказларига жўнатишга тавсия қилинди.
Н. МУҲАММАДИЕВ