УРУҒИК ТОПШИРИШ ШАРТНОМАСИ БАЖАРИЛДИ

Пахтазордаги оппоқ очилган пахталарни, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан териб олаётган теримчиларнинг меҳнат завқини кўриб қувонамиз. Куз фасли фазилатларини намоён қилиб офтобнинг жазирама ҳарорати пасайгач, илиқ об-ҳаво  табиатга ҳукмронлик қилмоқда. Фурсатдан унумли фойдаланиб элнинг қўл кучи билан улкан хирмон бунёд этиш ишлари қизғин кечмоқда. Пахтазорларда ҳосил мўл етиштирилди. Теримчилар билан аввалги йиллардан фарқли ўлароқ шартнома тузилди. Бергиланган мажбуриятларни бажариш учун ҳаракат қилинмоқда.
Туманимиздаги Бахтиёр Саидмуродов бошлиқ “Паданг” фермер хўжалигида пахта ҳосилини йиғиб-териш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилаяпти. Барча диққат-эътибор, куч етиштирилган ҳосилни об-ҳавонинг илиқ кунларида териб, қабул пунктларига топширишга сафарбар этилган. Фермер хўжалиги аъзолари бу йил 27,1 гектарга “Беш қаҳрамон” пахта навини экиб, агротехника талаблари асосида парваришлашди. Давлатга 45 тонна сара уруғлик, 103 тонна умумий оқ олтин топшириш масъулияти деҳқонлардан омилкорлик, ғайрат-шижоат билан ишлашни талаб қилди. Иш бошқарувчи Акбар Хурсанов, сувчилар  Аваз Хўжамуродов, Шуҳрат Менглибоев, Мамадамин Абдураҳмонов, механизатор Тўра Жўраев табиатнинг инжиқликлари, ёзнинг иссиғида ҳам фаоллик намуналарини кўрсатиб ишлади. Ҳалол меҳнатлари эвазига ҳар туп ғўзаларда кўп ҳосил нишоналари кўраклар пайдо бўлди. Бир туп ғўзада 50-60 та чаноқнинг мавжудлиги улар меҳнатининг натижасидир.
Ҳозир теримчилар пахтазорнинг маликалари. Эрта тонгдан далага чиқиб, фермер хўжалигида етиштирилган ҳосилни термоқда. Улар сафида кўп минг килограммчилар мусобақаси авж олди. Теримчилардан Қодирова Сапархол, Қорабоева Ойсанам, Чориева Гулноза, Хидирова Гулчеҳра, Чориева Ҳосият кунига 170-220 килограмм пахта териб кўпчилликка ибрат бўлмоқда. 72 ёшли Пардахол мома Раҳматова ўз ихтиёри билан пахтазорга чиқиб кунига 55-63 килограмм пахта териб барчани хурсанд қилаяпти.
Президент мукофотлари совриндори, фермер Б. Саидмуродовнинг бу йилги шашти баланд. У раҳбарлик қилаётган пиллакорлар, ғаллакорлар йиллик шартнома режаларини муваффақиятли бажаришди. Пахтакорлар уруғлик пахта топшириш режасини қисқа муддатда ҳал эттилар. Ҳали ғўзаларда кўрак кўп. Шунинг учун умумий пахта топшириш режасини ҳам бажаришларига шубҳа йўқ.
  1.      Н. МУҲАММАДИЕВ