Билимга чанқоқ болажонлар

 

Бошланғич таълим боланинг жисмоний ва психологик ривожланишидаги асосий давр ҳисобланади. Туманимиздаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқувчилари иштирокида инглиз тили фанидан “English is fun” мавзусида тадбир ўтказиш анъанага айланган.
Парталарга турли хил мева маҳсулотлари териб қўйилган.Қўл кўтариб, ўқитувчи саволларига сабрсизлик билан жавоб беришга интилаётган болажонларга қараб билимга чанқоқликларини билиб олиш мумкин. Ҳар бир ўқувчининг олдида китоб, пластилин, мавзуга доир суратлар жамланган. Доска ёнида монитор, ўқитувчи мавзу бўйича савол-жавоб қилаётганида, албатта, мультимедиа ускуналаридан фойдаланди.
Синфда ўқувчилар уч гуруҳга — «Билимдон», «Донишманд», «Ақллилар» жамоасига бўлинган. Жамоа аъзоларига ўқитувчининг саволларига берган жавобига қараб, гулдор қоғоз шаклида балл берилди. Ёрдамчи ўқувчи балларни жамоалар номи тагига ёзиб борди.
Меваларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида ўқувчилар бийрон-бийрон жавоб беришди, кейин уларнинг ҳар бири олдида турган суратлар жамланмасини очиб, мевалар таърифини келтириб ўтишди. Шундан кейин сабзавот ва мевалар билан боғлиқ топишмоқларга ўтилди. Доскага чиққан ўқувчи мониторда пайдо бўлган топишмоқлар билан танишди ва тўғри деб топилган жумла устига таёқчани теккизди. Жавоб тўғри бўлса, бунга ҳам бир баллдан берилди.
Сўнгра жажжи болажонлар «Ўзбекистон» қўшиғини куйлаб, рақсга тушди. Очиқ дарс якунида таклиф этилган меҳмонлар ўз таассуротини билдирди.
Ҳар бир гуруҳнинг йиққан бали ҳисобланиб, натижа эълон қилинди. Жамоа аъзоларининг фаол иштироки ва ҳозиржавоблиги инобатга олиниб, тиришқоқ болажонларга «5» баҳо қўйилди.

Ҳамида МАВЛОНОВА,
тумандаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси