Ўзганинг зарурати эвазига бойишни ўйлаб…

Сир эмас ўтган вақт мобайнида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда турмуш тарзи оғирлашишининг олдини олиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Мамлакатимизда ўрнатилган қатъий карантин босқичма-босқич юмшатила бошланди ва бу жараёнда ҳар бир кишидан эътиборли бўлиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш талаб этилди. Шу мақсадда, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Сурхондарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳар бир фуқаронинг ўзини-ўзи ҳимоя қилишига ўтишини тушунтириш, дори-дармон ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик юзасидан ташвиқот ишлари олиб борилмокда.
Халқимизда шоли курмаксиз бўлмайди, деган нақл бор. Мутасаддилар томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирларига қарамай жойларда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Олинган тезкор маълумотларга асосан Департаментнинг Денов туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туманда фаолият кўрсатаётган хусусий дорихонада дори воситаларининг қиммат нархларда сотилаётган ҳолати маълум бўлган. Тезкор тадбир давомида дорихонанинг иш бошқарувчиси Собитов Золим(исм фамилиялар ўзгартирилган) харидорга “Арбидол” дори воситасини белгиланган нархлардан қиммат, яъни хар бир донасини 28 минг сўмдан, ҳар қутисини 560 минг сўмга ҳисоблаб, 16 қути “Арбидол” дори воситасини 8 млн. 960 минг сўмга сотаётгани аниқланди. Ўтказилган тезкор-тадбир жараёнида жами 118 қути “Арбидол” дори воситалари ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиб қўйилиб, Унга нисбатан суд томонидан жазо чоралари белгиланди.
М.Примқулова,
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори
Ж.Олимқулов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлим инспектори

ҲИСОБДАН “АДАШДИ”

Нафс қутқуси – шайтоний амал. У ақлга бўйсунмайдиган, қаноат деворини истаган пайт бузиб кетадиган кишиларга ўч бўлади. Шамшод Бўриев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Термиз туманидаги Архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежига бош ҳисобчи бўлиб ишга кирган вақтида бировнинг ҳақига хиёнат ҳақида ҳеч уйламаган. Аммо йиллар ўтиб ўз ишининг ҳадисини олгач, аста-секин айний бошлади. Мансабини фойда келтирадиган, чўнтак қаппайтириб ғоз юришга чорлайдиган имконият деб билди. Айнан шу дақиқадан бошлаб хатога, тўғрироғи жиноятга қўл урди.
Бош ҳисобчи “UZASBO” компьютер техникаси дастуридан фойдаланган ҳолда коллежнинг 5 нафар собиқ ишчи-ходимларининг номига икки ярим йил давомида жами 221,8 млн. сўм иш ҳақи ёзиб, уларнинг номидаги пластик карточкаларга ойма-ой тушириб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганлиги фош этилди.
Ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди. Шамшод Бўриевга нисбатан суд тегишли жазо чораларини тайинлади.
Одамзод ўзини оқлашга зарурат туғилганда албатта шайтонни айбдор қилади. Унинг йўриғига юрмаслик учун инсон аввало маънавиятли бўлиш билан бирга бурч, қонун олдида жавобгарлик туйғуларини ҳам англаши керак. Ана шунда ҳаммаси жойида бўлади. Асосийси, жамоанинг ишончидан чиқиб, эл олдида юзи шувут бўлмайди.
А. Хушбақов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлим бошлиғи
Ш.Азизов,
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори