Иқтидорлилар камолга етмоқда

Ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортга қизиқувчилар кўп. Таълим муассасалари ва Болалар-ўсмирлар спорт мактабида уларнинг жисмоний ва маънавий чиниқиш учун шарт-шароитлар мавжуд. Ўқувчилик давридаги имкониятлардан тўғри фойдаланиб, қизиққан спорт тури бўйича билими ва кўникмаларини оширганлари мустақил ҳаётдан мустаҳкам жой олади. Буни  Қумқўрғон туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабидаги баскетбол жамоасининг бош мураббийси Нилуфар Бобоева мисолида кўриш мумкин.
Нилуфар 2-сонли умумтаълим мактабининг 7-синфида ўқиган чоғларида баскетбол спорт турига қизиқди. Устози, жисмоний тарбия ўқитувчиси, Миллий халқ ўйинлари республика мусобақасининг совриндори   Йўлбарс  Расулов унга иқтидорини ривожлантиришда катта ёрдам берди. Машғулотларда чиниққан мактаб ўқувчиси туман, вилоят, республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашиб совринли ўринлардан жой олди. Ёш қизнинг спортга қизиқиши билимларини оширишга ундади. Шунинг учун 2010-2013 йиллари Жарқўрғон Спорт коллежида баскетбол йўналиши бўйича ўқиди. Таълим-тарбия жараёнларини муваффақиятли тугатган иқтидор эгаси қадрдон туманимиздаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабига мураббийлик лавозимига ишга қабул қилинди. Устози, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони совриндори Зокирхон Шомиров раҳбарлигида мураббийлик сир-асрорларини ўрганди. 7 йилдирки ёшларга баскетбол спорт тури усулларини ўргатиб, мусобақаларда зафарларга эришишини таъминлаяпти. Айни пайтда туман баскетбол жамоаси бош мураббийси ва селекционер мураббий сифатида фаолият кўрсатаяпти. Билими ва тажрибасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетининг 2 босқичида таҳсил олаяпти. Унинг мураббийлиги туфайли камолга етган шогирдлари туман, вилоят, республика мусобақаларида маҳоратини намойиш қилиб, совринли ўринларни қўлга киритишаяпти. Шогирдларидан Мусурмонова Муниса, Ҳасанова Азиза, Эшбоева Диёра 2018 йилда Жиззах шаҳрида бўлган “Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақасида баскетбол бўйича республика финал босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллади. 2019 йилда Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида ўтказилган “Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақасида ҳам кетма-кет иккинчи марта ғолиб бўлди. Бундан ташқари, шогирдлари Болалар Баскетбол лигаси республика мусобақаларида мунтазам қатнашмоқда.
Ҳар бир мураббийнинг меҳнат ютуқлари ёш умидли спортчиларни вояга етказиш билан ўлчанади. Тумандошимиз Н. Бобоеванинг бир гуруҳ шогирди вилоят терма жамоасига аъзо бўлди. Баскетболчи қизлар Мусурмонова Муниса, Ҳасанова Азиза, Эшбоева Диёра, Холбоева Махлиё, Мусурмонова Мухлиса, Уролова Гуласал, Уролова Мадина, Уролова Манзура, Сайидаҳмедова Фарангиз, Чориева Наталья, Иззатова Фаридалар жисмоний ва маънавий камолга етди. Улар йирик мусобақаларга қатнашишга тайёр ҳолга келди. Мутахассислар  баскетболчи қизларнинг республика миқёсидаги мусобақаларда ҳам муносиб қатнашишига ишонч билдиришмоқда.
Спортчилар карантин пайтида тегишли қоидаларга амал қилган ҳолда уй шароитида масофавий онлайн дарс машғулотларида қатнашаяпти. Мураббийларининг кунлик назорати остида спорт билан шуғулланаяпти. Устозлар карантин пайти фарзандларининг соғлиги ва келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналарга миннатдорчилик билдирди.
  Н. МУҲАММАДИЕВ