Маданият ва санъат ходимларига эътироф

Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, ёшларни маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Бу мамлакатимизда сўнгги йилларда маънавий-маърифий, маданий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Айтиш керакки, юртимизда эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз қалбида бугунги кунга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умид ва ишонч туйғуларини тобора кучайтирмоқда. Бу йўналишдаги ислоҳотлар жараёнида маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турларини ривожлантириш, соҳа намоёндалари фаолиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилда қабул қилинган “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қатор фармон ва қарорлар соҳани янада ривожлантириш, унинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қонун билан 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланди.
Қумқўрғон туманида 15 апрель – “Маданият ва санъат ходимлари куни” муносиб нишонланди.
Шу муносабат билан “Тўмарис” тантаналар саройида байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирни туман ҳокими Р. Гаппаров соҳа ходимларига табрик орқали очиб берди. Туман миқёсида ўтказиладиган барча тадбирларда фаол қатнашадиган маданият ходимларининг залворли меҳнати эътироф этилди.
Унга соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган меҳнат фахрийлари, бугунги кунда фидойилик билан ишлаётган фаоллар таклиф қилинди. Байрам иштирокчилари бўлган маданият ходимларига қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари туман ҳокимлиги томонидан топширилди. Тадбир давомида шўх-шодон қўшиқлар, саҳна кўринишлари намойиш этилиб дилларга қувонч улашилди.

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА