Мунозара ва мулоҳаза

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими яратилди.
Бу эса оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳар бир ижодкорни давр нафаси билан яшаб, кенг жамоатчиликни бунёдкорлик сари рҳµлантиришга, ислоҳотлар моҳиятини англашга ундовчи шахс сифатида жамият ҳаётининг фаол, илғор фикрли вакилига айланишида муҳим аҳамият касб этди. Ўнинчи бор ўтказилаётган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” анъанавий Х Чимён медиафорумида барча вилоятлардан келган 70 нафар журналистлар қатнашишди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, юридик фанлари номзоди Олимжон Ўсаров “Ўзбек матбуотида сўз эркинлиги ва жамият очиқлиги: тажриба ва таҳлил” мавзусида иштирокчиларга семинар-тренинг машғулотларини ўтказди. Бугунги кунда босма нашрларнинг ҳолати ҳамда ривожлантириш усуллари ҳақида фикрлар билдирилди. Олимжон Ўсаров раҳбарликни бошлаган илк кундан бошлаб босма нашрлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан устоз Олимжон Ўсаровнинг ташаббуси билан “Yurida Matbuot” ахборот қидирув тизими орқали газета ҳамда журналларнинг электрон обунаси ташкил этилмоқда. Сўз ва матбуот эркинлиги –Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши деб белгилангани халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Бугунги кунда журналистлар учун ёпиқ мавзунинг ўзи қолмади.”Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев “Эпистоляр жанр: кеча, бугун, эртага (Матбуотда мактуб жанри)” мавзусида маъруза қилди. Мактуб ёзишмалари орқали инсон ўзининг ҳис туйғуларини очиқ баён эта олиши, ёзишмалар орқали кўп маълумотлар олишимиз мумкинлиги ҳақида қизиқарли фикрларни билдириб ўтди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов “Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамкорми ё рақобатчи?”,- деган саволларга жавоб бериб ўтди. Ушбу медиафорумни ташкиллаштираётган устоз журналист Фарғона вилояти Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Муҳаммаджон Обидовга барча иштирокчилар миннатдорчилик билдиришди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА