Аҳоли бандлигида хато қилмайлик

Аҳолининг бандлиги давлат аҳамиятидаги масала эканлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Ижтимоий соҳаларда бу мавзуда кўп гапирилиб, кенг оммага тушунтирилаяпти. Юридик шахслар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга ошириб, мутахассислар ва ишга қабул қилиш мумкин бўлган шахсларни белгиланган меъёрий талабларга асосан ишга жойлаштириши одатий ҳолга айланди. Ходимлар меҳнати, манфаати, дам олиши ҳам қонуний тартибда бажарилиши ҳам ҳаммага аён. Бироқ биз учун қадрдон бўлган, яхши кўрган туманимиздаги айрим таълим-тарбия муассасаларида камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантириш, болаларга мактабга боргунча таълим-тарбия ўргатиш, дарс самарадорлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилаяпти. Белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши, мактабгача таълим ташкилотларида меҳнат қилаётган мутахассисларнинг иш шароитлари, манфаатлари яхшиланмоқда. Яратилаётган шароитларга қарамасдан бу соҳада хатоликлар учраяпти. Туман адлия бўлими, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, туман прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда 10- ва 6-сон давлат мактабгача таълим ташкилотларида текширувлар ўтказилди. Жумладан, Сурхондарё вилоят адлия бошқармасининг 2021 йил 14 октябрда тасдиқланган 2021 йил IV чоракка мўлжалланган режа асосида Қумқўрғон туман адлия бўлими томонидан «Тумандаги мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таҳлил қилиш» самарадорлиги ўрганилди.
10-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида 2021 йил ўрганиш кунига қадар 117 та буйруқ қабул қилинган. Фақат 1-14 буйруқлар Буйруқлар китобида мавжуд. Бу ҳужжатлар расмий бланкада чиқарилмаган, чиқарилган буйруқларнинг асоси мавжуд эмас. Ходимлар буйруқлар билан таништирилмаган. Аксарият буйруқлар қўл ёзма ҳолда расмийлаштирилган. Шу жумладан, 2021 йил 4 январдаги 7-сонли буйруқ билан ходим Х. Норбоеванинг ставкаси 0,5 қисқартирилган бўлсада буйруқда асос кўрсатилмаган. 2021 йил 4-19 январдаги 11, 13, 19-сонли буйруқлар билан ходимлар Ф. Якубова, М. Латипова, З. Холиёрова вазифасидан озод этилган, буйруққа асос кўрсатилмаган. Тўртта ҳолатда ҳам ходимлар буйруқ билан таништирилмаган. 2021 йил 1 июлдаги 101-сонли буйруқ асосида ходим С. Хуррамова маошсиз таътилга чиқарилган, таътил неча кунлиги ва ишга қайтиш куни белгиланмаган. Бу мактабгача таълим ташкилоти директори томонидан 2021 йил 4 октябрдаги 117-сонли буйруқ асосида тарбиячи вазифасида ишлаётган Мирзаева Сурайёга 36 кунлик меҳнат таътили берилган, ишга чиқиш муддати кўрсатилмаган.
6-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида 2021 йилда 63 та буйруқ чиқарилган. Буйруқлар китобида буйруқлар кетма-кетлиги бузилган. 63-сонли буйруқ рақами ўрнига 66-рақам ёзилган. Буйруқлар расмий бланкада расмийлаштирилмаганлиги боис ходимлар таништирилмаган. Мактабгача таълим ташкилоти директори томонидан 2021 йил 1 апрелдаги 35-сонли буйруқ асосида ходим Н. Ибрагимовага 1. 04. 2021 йилдан 26. 04. 2021 йилгача 24 кунлик меҳнат таътили берилган. Муҳтарам Президентимизнинг байрам муносабати билан ишламайдиган ва дам олиш кунларини белгилаши маълум қилинган Фармони ва Меҳнат кодексининг 139-моддаси талаблари асосида қайта ҳисоблаб кўрилганда 1 кун кам меҳнат таътили берилган. Иш берувчининг 2021 йил 1 июлдаги 45-сонли буйруғи асосида ходим С. Шапов 2021 йил 1 июндан 15 июлгача 36 кунлик меҳнат таътилига чиқарилган. Унга 3 кун кўп меҳнат таътили берилган. Ҳар иккала мактабгача таълим ташкилотларида ҳам қўшимча дам олиш кунлари белгиланиши ва Меҳнат кодекси талаблари бажарилмаганлиги аниқланди. Юқорида кўрсатилган ҳолатлар, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши талабини бажармаганлик, бузилиши ҳаракатлари билан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган деб ҳисобланди. 10-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти директори М. Айтуганова ва 6-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Б. Мирзаевага Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 255, 49-моддаси 1-қисми билан БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланди.
Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларига билимларни ўргатувчи, тарбияли камолга етказувчи даргоҳ сифатида фаолият кўрсатиши ва ўрнак бўлиши зарур. Жамиятимизда белгиланган таълим-тарбия ишларини соҳа мутахассислари амалга ошираётганлиги ҳам тушунарли. Бироқ ўқув муассасасидаги ишларни бажариш ишониб топширилган директорнинг фаолиятида камчиликлар борлиги бизни қаноатлантирмайди. Ахир соҳада ишлаб, кўп йиллик иш стажига эга, амалий тажрибасини оширган кишини директор лавозимига тайинлашади-ку? Қумқўрғон туман халқ таълими бўлимига қарашли 84-сонли умумий ўрта таълим мактабининг директори вазифасида ишлаётган Хўжамуродов Алишер Жўраевич вазифасини етарлича бажармади. Мактабнинг 2021 йил декабрь ва 2022 йил январь ойларидаги бўш иш ўринларини (вакант лавозимларини) яшириш, бўш иш ўринлари ёки ҳар бир ходим бўшатиб олиниши кутилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим этмаган. Оқибатда мактаб директорига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилди. БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима қўлланилди.

У. САФАРОВ,
туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори