Байрамингиз қутлуғ бўлсин!

25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ходимлари куни муносабати билан туман ҳокимлиги биносида соҳа ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Исмоилов, туман ҳокими Р.Гаппаров, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ў.Шукуров, туман суди раислари ҳамда ҳоким ўринбосарлари иштирок этишди. Йил давомида юқори натижаларга эришган соҳа ходимлари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

Биз – ички ишлар органлари ходимлари зиммасига юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек масъулиятли ва шарафли вазифа юкланган. Шу нуқтаи назардан, тизимни ислоҳ қилиш ва замон талаблари асосида такомиллаштириш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Агар эътибор берсак, Президентимиз имзолаган илк ҳуқуқий ҳужжат айнан 2016 йил 16 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ички ишлар органларида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, мутлақо янги тизим шакллантирилди. Ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган профессионал, халқчил тузилмага айлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилди, дейди ХПБ катта инспектори катта лейтенант С. Қодиров.

Жаннатмонанд юртимизнинг қай бурчига назар солманг, бунёдкорлик ишларига, халқимизнинг яратувчилик меҳнати билан бандлигига гувоҳ бўласиз. Оқшомлари юртдошларимиз истироҳат боғларида, сайилгоҳларда бехавотир сайр этиб юрганини кўриб қувонасиз. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик шарофатидан. Гўзал диёримизда тинчлик-осойишталик ҳукм суриши, ҳуқуқ-тартибот таъминланишида ички ишлар органларининг муносиб ҳиссаси бор.Тун-у кун тиним билмасдан хизмат бурчини ато этаётган туман Ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисми навбатчиси, майор Р. Бодиев, сафдор С.Бердиевлар ўз хизмат вазифаларини ато этишмоқда.Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар”,- деган муҳим принципларни таъминлаш, ички ишлар органларини том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Тизим олдига қўйилган бундай вазифаларни бажариш ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришни тақозо этади.Шу боис ҳам асосий эътибор қуйи бўғинни кучайтиришга қаратилиб, бевосита маҳаллаларда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга таъсир кўрсата оладиган ихчам ва мобиль тизим шакллантирилди.Шу жумладан Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ҳам янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди.Тумандошларимизга қулайликлар яратиш учун Миграция ва ФРБ катта инспектори, катта сержант Э. Хўшбоқов тизим бўйича фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, қоидабузарликлар сонини камайтириш Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу вазифани тўлақонли амалга ошириш эса соҳани доимий тарзда такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаµкамлаш, ходимларнинг касбий ва хизмат тайёргарлигини ҳозирги кун талабларига мос юксалтириш, йўл ҳаракати иштирокчилари маданиятини ошириш, қонун-қоидаларга ҳурмат туйғусини шакллантириш каби кўпгина ишларни амалга оширишни талаб этади. Бугун ҳаётимизнинг турли жабҳаларига кириб келаётган янгилик ва ўзгаришлар, ахборот-коммуникация технологиялари Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ҳам муайян ўзгаришлар қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунни бемалол туб ўзгаришлар даври, деб аташ мумкин.Туманимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун 4-сафарбарлик гуруҳи катта инспектори, кичик сержант З. Қурбонов ҳайдовчилар билан тушунтириш ишларини мунтазам амалга оширмоқда.