БЕШ МУҲИМ ТАШАББУС РИВОЖЛАНИШ КАФОЛАТИ

Муҳтарам Президентимиз 2019 йил 19 мартда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларни жисмоний, маънавий, интеллектуал жиҳатдан комиллик сари бошлаб “Беш муҳим ташаббус”ни амалга оширишни маълум қилганди. Бундай ташаббускорлик намунасини жамоатчилик хурсанд кутиб олди. Бешта йўналишнинг ҳар бири кенг қамровлилиги, мазмуни, замонавий чорлови билан нафақат ёшларни, балки катта ёшдаги инсонларнинг эътиборини жалб қилди. Мусиқа ва санъатга қобилияти бор, жисмоний тарбия ва спортга қизиқувчилар учун шароитларни яратиш зарурлигини тушунтирди. Натижада туманимизда турли тадбирлар ўтказилиб, ёшларнинг маҳорати оширилди. Кўрик-танловлар-у спорт мусобақаларда муносиб қатнашганлар фахрли ўринларни эгаллади. Уларни руҳлантириб, янги зафарларга чорлаш мақсадида рағбатлантирилди.
“Беш муҳим ташаббус”нинг йўналишларидан бири ёшларни китоб мутолаасига жалб этиш, китобхонликни ривожлантириш ҳисобланади. Инсон борки болалигидан китоб ўқишга ўргатилади. Улғайган сайин китобга меҳри ошади. Ўзи қизиққан, устозлари тавсия қилган китобларни ўқийди. Бундай фойдали жараёнда машғуллиги туфайли билимдон, мард, уддабурон, касб-ҳунарли, ватанпарвар бўлиб камолга етади. Шахсий гигиена талаблари-ю саломатлигини муҳофаза қилишни билишида ҳам китобнинг аҳамияти беқиёс. Ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш ва китоблар мутолааси учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича вазифалар амалга оширилмоқда. Китоб ўқиш учун зарур қулайлик бўлган жойда аҳолининг ахборотларга талаби қондирилади. Шунинг билан биргаликда йилдан йилга замонавий компьютер технологиялари ва интернет имкониятларидан фойдаланишга эҳтиёж ошмоқда. Ёшлар электрон дарсликларни, электрон китобларни ўқиш имконига эга бўлаяпти. Бундай эзгу ишларга замонавий шароитлар яратилганлиги ёш авлоднинг билимларни ўрганиб, жамиятимизни ривожлантирадиган шахслар бўлиб вояга етишини кафолатлайди.
Н. МУҲАММАДИЕВ