Одам савдоси инсониятга қарши энг жирканч жиноятлардан бири. Aзалий тарихга эга бу иллат ўз шакли ва усуллари билан янги қиёфада XXI асрга келиб ҳам ҳамон илдизи мустаҳкамлигича қолмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра бутун дунёда 21 миллион киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади. Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.
Юртимизда Одам савдосига қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш ва одам савдоси қурбонлари бўлган шахслар учун янгитдан ҳаётларини ўз йўлига қўйиш тизими юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилаяпди. Хусусан, 2020 йилнинг 7 августида Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокамаси бўлган эди.
Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати бугунги кунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидалар тартибга солинмаганлиги ҳамда вояга етмаганларнинг савдосига қарши курашишнинг ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, идентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмаганлиги билан изоҳланди.
Янги таҳрирдаги Қонунда ана шу жиҳатлар эътиборга олинган. Жумладан, соҳага оид асосий тушунчалар ва тамойиллар, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари, Миллий комиссия, худудий комиссиялар ва Миллий маърузачига оид меъёрлар аниқ белгиланган.
Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.
Ҳозирги кунда Республикамизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатса, уларнинг 100 га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилган.
Шунингдек, амалдаги Қонундан фарқли ўлароқ янги таҳрирдаги Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби ва уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлари ёритилган.
Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизда илгари бўлмаган одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда белгиланди.
Қонун одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Қуйидагилар одам савдосига қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади:
– Ички ишлар вазирлиги;
– Давлат хавфсизлик хизмати;
– Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;
– Бандлик ва меҳнат мусобатлари вазирлиги;
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Ушбу Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жорий йилнинг 17 август куни Президентимиз томонидан имзоланди.
Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Қувондиқ Улуғов,
туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси