Биз одатда, “Фермер” деган сўзни эшитсак, ўзгача ҳурмат билан кутиб оламиз. Ушбу соҳага бош қўшиб, ерга меҳр бериб, барака топаётган инсонни ҳалол, покиза, меҳнаткаш ва заҳматкаш инсон сифатида қадрлаб, ижобий эътироф этамиз. Айниқса, Президентимиз Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида ушбу соҳа ходимларининг манфаатларини биринчи ўринга чиқариб, пахта-ғалла етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиш орқали, бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимини жорий этиш хусусидаги таклифлари илгари сурилган эди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини ислоҳ қилиб, аграр соҳанинг бошқа тармоқларига ҳам арзон кредитлар ажратиш йўлга қўйилиши режалаштирилаётганлиги хусусидаги фикрлари соҳа ходимларининг мақсадларига қанот бўлди.
Лекин афсуски, катта истиқболли режалар, ажойиб имкониятлар рўй бериши арафасида, нафсининг ортидан югуриб, “Фермер” деган номга доғ тушираётган ҳамюртларимиз ҳам учраб турибди. Гап шундаки, шартнома асосида ўзига бириктирилган ва асло ўзгага сотиб бўлмайдиган давлатга қарашли ижара ерни сотиб, фойда кўришни мақсад қилган мақоламиз қаҳрамони жиноят устида қўлга олинди.
Назарбек Шодиев (исм фамилиялар ўзгартирилган) Олтинсой туманидаги боғдорчилик фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари. Мўмай даромад олишни мақсад қилган қаллоб фермер шартнома бўйича ўзига тегишли бўлган сувли ер майдонидан 12 сотих ер майдонини томорқа сифатида ажратиб, танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилади. Эвазига эса 82 млн. сўм пул талаб қилади. “Ҳаром тешиб чиқар” деган нақл бежизга айтилмаган. Фермернинг найранги халқ ичида ошкор бўлди. Эл ичида юзи шувут бўлган фермер фуқаро Холмат Зоировдан 60 млн. сўмини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. ЖИБ Олтинсой туман суди томонидан фермерга 11 млн 150 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш учун барча кучлар сафарбар этилажагини айтиб ўтар экан, коррупция-жамият таназзулининг етакчи омили, тараққиётга ғов бўлаётган ёвуз бало дея таъриф бердилар. Албатта, ҳалолликни шиор қилган замондошларимиз янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори бўлажак. Таассуфки, ерни сотиб, нафсига қул бўлганларга эса жазо муқаррар.
Порахўрлик ва фирибгарлик ниҳояси маълум иллатлар. Осон топилган даромад ҳам кишига хуш ёқади, албатта. Бора-бора бу қинғир савдонинг таъсирига тушиб, харом луқма топишни касб қилиб олиш ҳам шу қадар осон. Лекин, ҳамма нарсанинг охири бор. Коррупциянинг охири эса жиноий жавобгарлик ва пушаймонликдир.
Узун тумани “Файзобод” маҳалласи раиси ҳам аҳоли томонидан яхши ниятлар билан сайланган эди. Ҳар ҳолда одамлар маҳаллада тартиб-интизомни сақлаш ва фаровон ҳаёт кечириш йўлида маҳалла раисининг оқилона иш юритишидан умидвор бўлгани рост. Аммо, билдирилган ишонч оқланмади. Раис ўз хизмат мавқеидан фойдаланган маҳаллада яшаётган, кам таъминланган бир оиланинг 2 ёшга тўлмаган фарзандига нафақа тайинлаш эвазига 350,0 минг сўм миқдоридаги пулни талаб қилди.
Шундоқ ҳам моддий таъминотга муҳтож фуқаро энди дардини кимга айтсин? Сўралган маблағни беришга қурби етса, фарзанди учун нафақа пулига қараб ўтирармиди? ўйлай-ўйлай, калаванинг учини тополмаган фуқаро мутасадди идорага мурожаат қилди.
Олиб борилган тезкор тадбир чоғида масъул шахс фуқародан 350 минг сўм миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Маҳалла ҳукуматнинг энг қуйи тизими бўлиб, коррупцияга қарши кураш аслида айнан мана шу маскандан илдиз отиши керак. Бундай бўлмас экан, олдимизга қўйган мақсадларимиз йўлида топганимиз фақат сароб бўлиб қолаверади.
Маълумки, бугун республикамизнинг банк-молия соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, хорижий валюталарни айирбошлаш ва конвертация қилиш масалалари тўлиқ ҳал этилган. Аммо шунга қарамай, чет эл валюталарининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи фуқаролар ҳамон учраб турибди. Бу турдаги жиноятларга қарши курашиш борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодимлар томонидан қатъий чоралар кўрилиб, айбдорлар қилмишишига яраша жазога тортилаяпди.
Ҳамкасб валютафурушлар Анвар ва Аҳмад (исм фамилиялар ўзгартирилган) мунтазам равишда валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келиб келишади. Кунларнинг бирида Анварнинг ёнига бир харидор келади ва унга катта миқдорда АҚШ валютаси кераклигини айтади. Кўп эмас, кам эмас 5400 АҚШ доллари. Анварда унча миқдорда валюта бўлмаганлиги сабабли Аҳмадни чақиради. Аҳмад ҳам катта ўлжа келганидан хурсанд бўлади. Ахир катта миқдордан катта фойда қолади. Анвар Сафаров ва Аҳмад Газиевлар 5400 АҚШ долларини сотган вақтларида тезкор ходимлар томонидан ушланди. Жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми билан уларга тегишли жазо тайинланди. 5400 АҚШ доллари эса давлат фойдасига мусодара Қилинди.
Одамзот шундай, хатога йўл қўяётганида эмас, қўлга тушганида хушёр тортади. Хушёр тортиш кечикса, суднинг қора курсисига ўтиришига тўғри келади.
А. Хушбақов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлим бошлиғи