Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ташкил етилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида: Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) тузилмаси ташкил  этилди.
Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 та штат бирлиги миқдорида белгиланиб, улардан 10 та штат бирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, 40 та штат бирлиги эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилди.
Агентлик директорига бошқарув ходимларнинг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентликнинг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича вазирга, директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилди.
Агентлик ходимлари директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, уларга эгаллаган лавозими ва иш стажига мувофиқ, шунингдек, аввалги иш жойида берилган ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик мартабалар) ҳисобга олинган ҳолда (мавжуд бўлганда) мартаба даражалари берилади;
Агентликда ишлаган давр ҳарбий ва махсус унвонларни олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади ҳамда уларни Агентликда ишлаш даврида бериш олдинги иш жойи бўйича назарда тутилган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси билан биргаликда Агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида низом лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Агентликнинг асосий вазифаси:
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади;
ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир.
                       У. Умаров,
Вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи
                 Р. Худойқулов,        бўлим прокурори