Вилоят семинарида тажриба алмашилди

Туманимиздаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабининг Концерт залида “Болалар мусиқа ва санъат мактабларида меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши” мавзусида кўргазмали семинар ўтказилди. Вилоятдаги 21 та болалар мусиқа ва санъат мактаблардан уч нафардан вакил иш фаолиятида жуда зарур бўладиган мавзуга бағишланган семинарга таклиф қилинди. Тадбир иштирокчилари дастлаб ташкил этилган ҳужжатлар тўпламлари ва мактаб фаолияти билан яқиндан танишди.
Концерт залида семинарнинг асосий қисми бўлди. Вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Қ. Амонқулов болалар мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятига оид вазифалар ва уларнинг бажарилиши ҳақида гапирди. 11-болалар мусиқа ва санъат мактаби директори, вилоят болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорлар фаолиятини мувофиқлаштириш Кенгаши раиси Б. Ҳакимов маъруза қилди. Шуни мамнуният билан айтиш керакки, туманимиздаги бу болалар мусиқа ва санъат мактабида кейинги йилларда ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Педагог мутахассислар болаларнинг қобилиятини ривожлантириб вилоят ва республика кўрик-танловларида совринли ўринлардан жой олаяпти. Ўтган йили рейтинг кўрсатгичлари бўйича вилоятда энг яхши мактаб деб топилди. Раҳбарлар ва ходимлар мактаб базасини мустаҳкамлаш, моддий имкониятларни яхшилаш мақсадида ҳовлидаги ер майдонига атиргул кўчатларини етиштириб, сотишни амалга оширмоқда. Бундан тушган маблағга ўқув биносини қайта таъмирланиб, кўрган кўзлар қувонадиган даражага келтирилди. Мактаб директорининг ташаббускориги натижасида ташкил этилган семинар муносабати билан болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятига доир 100-120 та меъёрий ҳужжатлар тўплами тайёрланди. Семинарда ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами намойиш этилди. Бу хилдаги таълим муассасалари вакилларига иш фаолиятида меъёрий ҳужжатларни сифатли бажариши зарурлиги тушунтирилди.
11-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқув маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Н. Саҳибова маъруза қилиб, шу лавозимда меҳнат қилаётган касбдошларига тааллуқли меъёрий ҳужжатларни бажаришни намунали тарзда кўрсатди. Семинарда қатнашган вилоятдаги мусиқа ва санъат мактаблари директорлари ўзларининг таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ўзаро қизғин баҳсларга киришиб, меъёрий ҳужжатларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашди.
Н. МУҲАММАДИЕВ