“Туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5270-сон, 30.10.2021 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, “Ипак йўли” туризм халқаро университети “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети этиб қайта номланди.
Университетнинг хорижий профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари учун хизмат турар жойи сифатида 20 та уй-жой ажратиб берилади.
“Маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан солиқларни тўлашни кечиктириш механизмларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5274-сон, 02.11.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларига (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва акциз ости маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар бундан мустасно) умумий майдони 1 000 квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган солиқларни тўлашни 6 ойга кечиктириш ҳуқуқи берилади.
Ҳукумат қарори (667-сон, 02.11.2021 й.) билан Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги консуллик муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш тартиби бўйича вақтинчалик низом тасдиқланди.
Низомга кўра, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси консуллик муассасаси орқали Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ИИВ ЙҲХББ) томонидан расмийлаштирилади.
Ҳукумат қарори (675-сон, 04.11.2021 й.) билан Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, камида 5 йил иш стажига эга фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳар йили 1 июлгача тасдиқланиб, ОАВда эълон қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори (674-сон, 04.11.2021 й.) билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, бакалавриат ва магистратура талабалари учун Президент ва давлат стипендияларини тайинлаш тартиби алоҳида тасдиқланди.
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини акциз маркалари билан маркировкалаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (665-сон, 02.11.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 1 ноябргача, синов тариқасида, кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.
Ҳукумат қарори (664-сон, 02.11.2021 й.) билан Солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқлар бўйича хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари рўйхатини юритиш ва солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқларга доир хулосаларни бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Солиқ тўловчиларга солиқларга доир хулоса бериш орқали ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги хулоса шартнома тузилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмай тақдим этилиши лозим.
Қумқўрғон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Д.Худойқулова