Васиятнома қандай тузилиш лозим?

Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Васиятнома шаклига доир:
– нотариал тасдиқланган васиятномалар;
– нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномаларга бўлинади.
Қонун талабига кўра васиятнома албатта ёзма тарзда тузилиши ва нотариус томонидан тасдиқланиши лозим.
Васиятнома нотариус томонидан тасдиқланиб, бир нусхаси васият қилувчи фуқарога берилади, бир нусхаси нотариал идорада сақланади.
Васият қилувчининг хоҳишига кўра махфий тарзда тузилиши мумкин. Бунда васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқмасдан тасдиқланади.
Махфий васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан ёзилиши ва имзоланиши лозим. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, муҳрланади.
Қуйидаги васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади:
-касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек, госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
-фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси байроғи остидаги кемаларда сузиб юрган вақтидаги ана шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
қидирув экспедициялари ёки шу каби бошқа экспедициялардаги фуқароларнинг ана шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
-ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса, бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
-озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
-нотариус бўлмаган аҳоли пунктларида яшаётган шахсларнинг қонунга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалари.
         А. Саитмуродов,
Қумқўрғон туманидаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус