ЎҒРИЛИК ЖИНОЯТИ ФОШ ЭТИЛДИ

Халқимиз меҳнат қилиб, ҳалол даромад топишни, пешона терини тўкиб олган ризқ-насибасини еб яшашни ҳамиша улуғлаган. Тарбиявий аҳамияти чексиз бу одатимизга риоя қилган юртдошларимиз осойишта яшаб, бахтиёр ўтаётган дамларига шукроналик келтирмоқда.
Ҳаёт тажрибасига эга инсонларнинг гапига парво қилмай, ноқонуний йўллар билан мўмай пул топишга одатланган эса жазоланаяпти. Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди 2021 йил 3 июнь куни шундай жиноят ишини кўриб чиқди. Қора курсида туманимиздаги Тўғон маҳалласида яшовчи, муқаддам ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этгани учун 4 марта судланган Ш. Ю. ( исми, фамилияси ўзгартирилган ) ўтирди. Шунча ахлоқ тузатиш ишлари ижобий таъсир қилмаган, ёмон феъл-атворини тузатолмаган бу кимсанинг навбатдаги ўғирлиги яна ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан кўриб чиқилди.
Бу гал Олтинсой туманида яшовчи фуқаро Т. Я. ( исми, фамилияси ўзгартирилган) фирибгарнинг тузоғига илинди. Унинг қўшниси Ҳ. Ў ( исми, фамилияси ўзгартирилган ) Ш. Ю. қўнғироқ қилиб юк борлиги, Хоразм вилоятига олиб бориб келиш учун 3700000 сўмга келишгани, пластик картасида пули бор-у нақдлаштирмагани, халта олиш ва ишчиларга пул бериш учун пул бериб туришини, кейинчалик қайтаришини айтганлигини тушунтирди. Шундан сўнг Ҳ. Ў.қўґшниси Т. Я. нинг олдига келиб устаси фаранг Ш. Ю. нинг олдига бориши, харидор келганлигини айтди. Ёлғон гапга ишонган фуқаро 1500000 сўм пулни олиб, машинани миниб Қумқўрғон туманига келди. Пулни ўғрининг қўлига берди. Улар машинада Янгиер маҳалласидаги бозор ёнига борди. Ш. Ю. шу ерда хийла ишлатди. Т. Я. га халта билан ишчиларни олиб бориши, Қоратурба деган жойга бориб кутиб туришини айтиб, қарз деб олган пул билан ғойиб бўлди. Т. Я. соддалик қилиб, унинг алдаганини тушунмади. Қоратурбага бориб икки соат чамаси кутди. Ваъдасига вафо қилмаган ўғри қўнғироқ ҳам қилмади. Пулини ўғрига олдирган фуқаро чорасиз аҳволда Қумқўрғон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилди.
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди тўпланган далиллар, жабрланувчининг аризаси, кўрсатуви, судланувчининг судда айбига иқрорлиги асосида ҳукм чиқарди. Жиноятчига Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисмига асосан икки йил давомида сутканинг кеч соат 22.00 дан эрталаб 6.00 га қадар яшаш жойидан чиқишни чеклаш жазоси тайинланди. Унинг зиммасига Қумқўрғон тумани ИИБ розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслиги, вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслиги, бир ойлик муддат ичида фуқарога етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юкланди. Ҳукм ижросини назорат қилиш Қумқўрғон туман ИИО Пробация гуруҳи зиммасига юклатилди.

Ш. АКРАМОВ,
Қумқўрғон туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси
Т. ТАЖИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди девонхона мудири