Мустақиллик жонимиздек азиз

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ҳар доимгидан эрта чиқарилган ҳужжат замон фаоллари, оммани хурсанд қилди. Ижодкорларга илҳом бағишлади. Ўтган йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоби, ютуқлар кўпайганлиги мустақилликнинг қадрли эканлигини кўрсатмоқда.
Дунёда давлатлар, халқлар, миллатлар, элатлар кўп. Уларнинг ичида биз туғилиб ўсган, эркинликка эришган, яшашдек муқаддас эзгу ишни бажараётган, бунинг учун барча зарур хатти-ҳаракатларни амалга ошираётган Ватанимиз қадрли. Дунё харитаси, ер шари тасвирида ўз давлат чегараларига эга Ўзбекистон мамлакат сифатида халқимизнинг фаолияти ва манфаатларини белгиламоқда. Мустақиллик йилларида закий одамларимизнинг ривожланган давлатга эга бўлиш орзуси жисм-у жонимизга доимо куч-қувват бағишлади. Замонавий илғор технологияларни жорий этиб тараққиётга эришиш мақсадида олға интилдик. Эришган ҳар бир ютуғимизнинг биз учун улкан қадр-қимматга эгалиги дилимизда, тилимизда, кундалик фаолиятимизда мужассам бўлаяпти. Тарих солномаларидан мустаҳкам жой олган саналардан 1991 йил 31 августда Ўзбекистон раҳбарлари ва зиёлилари иштирокида ўтказилган олий даражадаги сессияда қабул қилинган ҳужжатлар, давлатимиз мустақиллигига асос бўлди. 1 сентябрь Мустақиллик куни деб эълон қилинди. Халқ тақдирини, турмуш тарзини яхшилашни ўйлаб фаол ишлаган раҳномаларимиз юртимизда илғор ғояларни, устувор вазифаларни тадбиқ этди. Инсонлар тафаккури ва иқтисодни ривожлантириб давлатимизнинг салоҳиятини ошириш, меҳнат билан банд бўлган юртдошларимизнинг тўқ ва фаровон яшаши, ёшларнинг ҳар жиҳатдан билимли, баркамол улғайиши учун бутун эътибор ва куч-ғайратини сафарбар этди.
Истиқлол йилларида туманимизда амалга оширилган ишларни эсласак 11 та ўрта махсус, касб-ҳунарга ихтисослашган таълим муассасалари реконструкция ва янгидан қуриш усулларида бунёд этилди. Бунда аввалдан мавжуд бўлган таълим муассасаларида қўшимча бинолар қурилди. Узоқ қишлоқлардаги аҳолининг фарзандлари таълим-тарбия, касб-ҳунар ўрганиши учун янги кўп қаватли бинолар барпо қилинди. Фан кабинетлари янги ўқув жиҳозлари, лаборатория асбоб-анжомлари, компьютерлар билан жиҳозланди. Ойдин кўчасида Болалар спорт мажмуаси, туманда томошабинлар учун биринчи марта усти ёпиқ ўриндиқлар ўрнатилган спорт комплекси, таълим муассасаси биноси, умумий овқатланиш корхоналари бирин-кетин қурилди. Аср мўъжизаси деб аталган Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлининг қурилиши натижасида эски бинолар ободонлаштирилиб, ўрнига замонавий ва кўркам кўринишга эга вокзал, савдо дўконлари, ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик корхоналар, хизмат турлари бўйича ишхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Кейинги вақтда турар-жой бинолари, аҳолини саноат, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида кўп савдо дўконлари қурилди. Уларда хизмат кўрсатиш маданияти катта шаҳардагидан қолишмайдиган даражага етказилди. Ишхоналарда замонавий компьютер жамламалари ўрнатилди. Ҳужжатларни тез ва осон ёзиш имконияти ошди. Мобиль телефонлар кўпайди. Алоқа компаниялари хизматларини кўрсатаяпти.
Амалга ошаётган ҳар бир ишнинг замирида инсон омили, улкан меҳнат, сарф-харажат турибди. Мулкларни, моддий бойликларни, эришилган маънавий ютуқларни кўз қорачиғидек асраш барчанинг бурчи. Йўқдан бор қилиб, мисқоллаб йиғиб улкан ўзгаришларни, кўркам ва обод биноларни барпо қилдик. Мустақиллик берган бундай улуғ ишларни бажараётган ташкилотлар-у, корхоналар фаровонлик бахш этаяпти. Қўлга киритилган натижаларимиз қадрли, жонимиздек азиз. Танлаган йўлимиздан давом этамиз. Она-Ватан ғояларига содиқ бўлиб, уларни амалга ошириш мард ва жасур, оқил, касб-ҳунарли инсонларнинг иши. Меҳнат қилганлар манфаат топса ютуқлар кўлами янада кенгаяверади.

Н. МУҲАММАДИЕВ