Афсус – надоматлари юракни ўртайди

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда яна коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бораётган, шифохоналарда юзлаб беморлар ушбу дард билан курашиб, жон талвасасида ётган бир вазиятда жим қараб тура олмайсан киши.
Атрофимиздаги касалликка бепарво, беписанд қараётган, ижтимоий масофа сақламаётган, тиббий ниқоб тақишни унутган, қисқа қилиб айтганда, гигиена ва карантин талабларига риоя қилмай қўйган тумандошларимизни огоҳлантиргинг, ҳушёрликка чорлагинг келади. Бизнинг бундай бепарволигимиз қимматга тушмасин, тузатиб бўлмас хатога айланмасин – тириклик бахтидан мосуво қилмасин, дейман. Бир сабаб билан тунни туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган Ковидга ихтисослаштирилган махсус поликлиникада ўтказдим. Уч соат мобайнида ўтказган вақтим узоқ вақт давом этгандек туюлди. -Қўшни хоналарда бир эркакнинг ҳамда аёл кишининг тинимсиз равишда тўхтамасдан йўталгани эшитилиб турди. Бехосдан навбатчиликдаги шифокорлардан сўрадим, ушбу беморларнинг ўпкасига нечи фоиз ўтганлиги билан қизиқдим. 40-50 фоиз ўтганлигини айтишди. Энди бир ўйлаб кўринг 70-80 фоиз ўпкасига ўтганлар қандай аҳволда тунни ўтказишмоқда. Ўша беморлар ҳам балки ниқобсиз, бепарво кўчада юришгандир. Эмланмасдан, ҳар хил баҳоналарга ишониб қолишгандир балки. Беморларнинг инграниб, қийналишиб, ҳансираб нафас олишлари қулоқларим остида жаранглаб қолди. Тунни бедор навбатчиликда ўтказган шифокорлар Дилшода Шойимқулова, Боймирза Мардонақулов, Ш. Қултўраевлар чин маънода туманимизнинг қаҳрамонлари десак муболаға бўлмайди. Беморларнинг дардини ҳис қилиб, бошида тик туриб бирдамликда касалликни енгишида кўмаклашишмоқда.
Ковид касаллиги атрофимизда яна кўплаб юртдошларимизнинг умрига зомин бўлгани бор гап. Уларнинг фарзандлари, жигарлари ҳозиргидек афсус-надоматлар чекмасди.
Зеро, умрни, тирикликни ҳеч нарса билан қайтариб бўлмайди. Азиз юртдошим, биргина бепарволигимиз, лоқайдлигимиз, карантин қоидаларига риоя қилмаслигимиз оқибатида тузалмас хатога йўл қўймайлик. Ўзимизни, фарзандларимизни, оила аъзоларимизни, яқинларимизни коронавирус касаллигидан асрайлик!
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА