Халқимизда оила – жамият таянчи, деган ибора бор. Айнан шу сабабдан ҳам бир оиланинг тотувлиги, қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг тинчлиги – юртимиз фаровонлиги, равнақи демакдир.
Мамлакатимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ўзининг самарасини бермоқда. Бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир. Куни кеча мурожаат юзасидан ишчи гуруҳга ҳамроҳлик қилиб бир хонадонга бордим. Она фарзандини даволатиш учун кўмак сўраб мурожаат қилган. Ҳар кимнинг тақдири пешонасига ёзилгани бўлади,-деб бежизга айтишмаган. Ушбу аёлнинг ҳам пешонасига турмушга чиқмасдан иккинчи аёл бўлиш битиги ёзилган экан. Тақдирнинг инояти билан шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғидан эгизак Хасан, Ҳусан фарзандларни дунёга келтиради. Бироқ ота ўз бурчини унутади-ю иккала фарзандидан ҳам бирон марта хабар олмайди. Она эса андиша билиб отадан алимент олиш учун мурожаат қилмайди. Бир кун келиб инсофга келиб қолар деб кутиб яшамоқда. Эгизаклардан бири Хасан туғма фалаж бўлиб туғилган. Онаси кичкиналигида эътибор бермаган. Икки ёшдан ўтганида билиб қолган. Хасаннинг фикрлашини, дунёіарашини эшитсангиз беихтиёр кўзингизга ёш келади. Хасанжон футболга қизиқишини, барча футбол командалари ҳамда ўйинчиларини бирма – бир санаб берди. Қачон юрасан Хасанжон,-деган онасининг саволига, мен башоратчи эмасманку деб жавоб берди. Опа менга футбол тўпи олиб келинг деган гапига базўр, бўғзимдаги йиғини тўхтатиб, албатта, болажоним,- деб жавоб бердим. Балким ушбу ёзганларимни Хасаннинг ҳамда Ҳусаннинг отаси ўқир, нима бўлганда ҳам ушбу фарзандлар сизнинг жонингиздан пайдо бўлган. Юрагингизнинг бир парчаси. Ҳозир Хасанни даволатишга имконингиз бор, бир синовдасиз. Кези келиб имконсиз бўлганингизда пушаймон бўлиб қолманг. Норасида болаларда нима гуноҳ. Бир кун ҳам дадажон деган сўзни айтмай вояга етишмоқда. Икки норасида ҳам бошқа фарзандларингиз каби жигаргўшангиздир. Фарқи онаси бўлаклигида. Хасанжон гапиради. Ўтиради фақат оёғини босолмайди. Парвариш қилиниб,вақтида муолажалар олинса соғайиб кетиши мумкин. Отасининг, онасининг қилган айбига, фарзандлар жавоб бериши керак эмаску. Бу ажримларда мутлақо гуноҳи бўлмаган норасидаларнинг кўз ёши ўлчамини ҳисоблаб чиқадиган кимса топилармикан?
Энг ёмони ҳар қандай оиланинг ажримидан кўп азият чекадиган – бу фарзандлар. Шу сабабдан ҳам доно халқимиз, “Отаси ўлган бир йиғлайди, тирик етим минг йиғлайди”, деб бежизга айтмаган…
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА