Ота-она китоб ўқишга намуна бўлса

Педагог маърифатли шахс. У ёш авлодга таълим-тарбия ўргатиш асносида китоблар ўқийди. Дунёқараши ривожланиб, ўқувчиларнинг тафаккурига зарур билимларни сингдиради. Туманимиздаги 4-мактабнинг директори Қирмиз Турсунова китобга мехр қўйиб улғайган. 32 йиллик педагогик фаолияти давомида ўқувчиларга маърифатни ўргатди. У она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Олий тоифали ўқитувчи. 5 йилдан буён мактаб директори лавозимида мехнат қилаяпти. Туман Кенгаши депутати. Саводхон раҳбарнинг фикрлаш кўлами кенг, намунали. Ўқувчилар ва педагогларнинг устозидан анкета саволларимизга жавоблар олдик. Китобхонлик ҳақида дилдаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

– Неча ёшдан китобга меҳр қўйгансиз?

– Саводим чиққанидан китоб ўқишни бошлаганман. Онам 4-мактабда кутубхоначи бўлиб ишлаган. Шунинг учун китоблар орасида улғайдим.

– Илк ўқиган китобингиз сизда қандай таассурот уйғотган?

– Илк ўқиган китобим эртаклар бўлган. Шеърларни ёдлашни яхши кўрардим. Отам ҳар куни ёдлаган шеъримни айтиб беришимни сўрарди. Мен шеърни ёддан айтардим. Таниқли шоир Абдулла Ориповнинг шеърларини кўп ёдлаганман. Ҳар бир шеърида фалсафийлик бор эди. Бу шеърладан ўзим учун керакли  жиҳатларни ўрганардим.

– Ўқиган асарларингиз ичида қайси ибратли жиҳатлардан таъсирландингиз?

– Ўзимга, ҳаётимга боҚлиқ китобларни ўқишни яхши кўраман. Халқимизнинг машҳур ёзувчиси Примқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асарини қайта-қайта ўқидим. Қийналган пайтимда бу асарни ўқияпман. Ҳозиргача ўқишни канда қилмайман. Сабаби асар қаҳрамони Бобурдан мағрурликни, жасоратни, ибратли жиҳатларни ўрганаяпман. Фаолиятимда қўллаб вазиятлардан чиқаяпман. Яна бир машхур ёзувчи Саид Аҳмаднинг «Уфқ» романини кўп ўқияпман. Бу менинг севимли асарим ҳисобланади.

– Шу вақтгача тахминан қанча асар ўқидингиз?

– Кўп китоб ўқидим. Ҳозир ўқиган китобларимнинг сони эсимда йўқ.

– Охирги ўқиган асарингиз?

– Ёзувчи Саид Ахмаднинг «Қора кўзим мажнун» асарини ўқидим. Асарда турмушда учраб турадиган мавзу ёритилган. Инсонийлик, ёлғиз она фарзандини кутиши ёзувчи томонидан маҳорат билан бадиий усулда ёзилган. Бошқарувчилик бўйича Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг асарларини кўп ўқидим. Ўткир қалам соҳиби Тоғай Муроднинг асарларини кўпроқ мутолаа қилаяпман. Таниқли ижодкорлар халқимизга хос миллийлик, тантилик, инсонлардаги меҳр-оқибат туйғуларини улуғлаган. Мен бу туйғуларни ҳурмат қиламан.

– Ёш авлодга қандай тавсиялар берасиз?

– Кўпроқ китоб ўқисин. Муҳтарам Президентимиз китобхонликни ривожлантираяпти, китоб ўқиган ёшларга «Спарк» автомобилларини совға қилаяпти. Устозим, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Ойсоат Чориева «Китоб ўқиган боланинг ҳаёти хам мазмунли бўлади»,- дер эди. Китоб ҳаётдан дарс беради. Дунёқарашини ижобий маънода ўзгартиради. Ҳозирги вақтда интернет, телеграм, веб-сайт, телевидение ҳеч қачон китобнинг ўрнини босмайди. Китоб ўқиган одам асар қаҳрамони билан бирга юради, унинг фазилатларидан баҳраманд бўлади, ўзи ҳам шунга ўхшашни ўрганади. Шунинг учун ўқувчиларга, ёшларга бадиий китоб ўқишни тавсия қиламан.

           Н. МУҲАММАДИЕВ  суҳбатлашди