Мардикор йигит

Ҳовлида озгина иш бор эди, вақт тополмай мардикор олиб келадиган бўлдим. Улар тўпланадиган жойга бориб машинани тўхтатгандим, 20-30 таси бирдан ёпирилди. Кунига саксон мингдан чиқаман, нима иш бўлсаям қилавераман, деди бир йигит.
Унинг кўзларидаги қандайдир мунг мени фақат шу йигитни олиб кетишга ундади.
Одамзот қизиқ, ўзи 100 мингларни чамалаб келаётган эдим. Шундай бўлса-да, тортишдим:
— 60 минг бераман, гап тамом.
У бир муддат жим турди-ю машинага ўтирди.
Уйга келиб кийимларини алмаштирди-да, ишни бошлади. Ярим соатлар ўтгач бонкада совуқ чой олиб, унинг кийимлари ёнига қўяётганимда бир ёзув дафтарчасига кўзим тушди.
Ҳуснихатнинг чиройлилиги эътиборимни тортди. Унда «20.07.20. Ишим яхши бўлса, ойимга 20 минг, синглимга 20 минг, уйга 20 минг, майда-чуйдага 20 минг деб» ёзилган. Лекин негадир “уйга 20 минг” деган ёзув устига чизиқ тортилган. Демак, бу кела келгунча мендан оладиган пулини ҳисоб-китоб қилган. 60 мингга кўнмаса, ишсиз қолишини ўйлаб, айтганимга рози бўлган. Кейин оладиган пулининг уйга ишлатадиган қисмини ўчирган.
Одамлар бор, жарақ-жарақ пул топади, аммо синглиси ё опаси тугул туққан онасини ҳам бир йўқламайди. Акалик, укалик, фарзандлик бурчини унутиб қўйган баъзилар эса давраларда ҳеч кимга гап бермайди, лекин суриштирсанг нечта ака-укаси борлигини ҳам эсидан чиқарган бўлади.
Шулар ҳақида ўйларканман, ҳалол меҳнати билан топадиган пули арзимас бўлса ҳам оқибатни унутмаган мардикор йигитга тан бердим.
Тан бериш билан қорин тўярмиди?
Ишни тугатгач, укамизга жуда яхши ишладингиз, ҳовлимни гулдай қилиб қўйдингиз, раҳмат, деб икки ҳисса пул бердим. У аввал унамади. Энди фақат сизни опкеламан, қўлингиз гул экан, деганимдан сўнг рози бўлди, чеҳрасидаги мунг тарқагандай бўлди. Ва дуо қилди.
Қалби соф, ҳалол, содда одамларнинг бундай дуоларидан кейин яйраб яшайсан….
Мақсуд Жонихонов